ҲАММА УЧУН СЕВИМЛИ

“Hamkorbank”нинг катта тармоқларидан бири — Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офиси ривожланиш йўлида бормоқда. МБХО фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида жамоа билан учрашдик.

Меҳмонхонадан чиққач, таксига ўтирдик.
— Бизни “Hamkorbank”га олиб бориб қўйинг. Узр, қаердалигини биласизми?
Саволимиздан ҳайдовчининг энсаси қотгандай бўлди. Ноўрин гапириб қўйдик, шекилли.
— Бу банкни билмайдиган одам бор эканми. Қашқадарёда икки жойда “Hamkorbank” бор. Деярли ҳамма шу банкдан фойдаланади. Қай бирига борасизлар?
Шугина илиқ сўз кифоя қилди бизга. Демак, бу вилоятда “Hamkorbank”ни севишади.

Эл қатори навбатга турдим

Банкка кирганимизда фойе мижозлар билан гавжум эди. Ҳафтанинг биринчи куни. Банк ходимлари билан суҳбатлашиш вақт олади. Мижозларга ҳурматсизлик бўлмасин дея, навбат олдик. Энг мақбул йўл ҳам шу эди-да.
“Hamkorbank”да тартибни таъминлаш ва мижозларнинг вақтини тежаш учун барча шароитлар яратил­ган. Киришдаги махсус терминалдан керакли хизмат турини танлаб, тартиб рақами ёзилган чекни олиш ва юмшоқ ўриндиқларда навбати келишини кутиш — ҳаммаси одатга айланган тартиб. Махсус мониторда эса уларни қайси ойнага учраши айтилади. Бу ҳаракатлар ходимларнинг чалғимасдан, ҳар бир мижозга алоҳида эътибор қаратишига ёрдам беради. Бу шунчаки хизмат эмас, балки замонавий банк хизмат кўрсатиш маданиятидир. Бош­қа молия ташкилотлардан ажралиб турадиган жиҳати ҳам ана шу тартибда.
Бизни илиқ кутиб олган Шавкат Азимов Ўктам Исаев, Ҳусниддин Юлдашевдан кейинги бошқарувчи. Мазкур МБХОда илк фаолиятини бошлаган давридаёқ ўзини кўрсата олди. Босқичма-босқич кўтарилиб бошқарувчи даражасига етди. Ходимларнинг иқтидорини баҳолаш, уларни тўғри лавозимларга тайинлаш борасида жуда синчков. Жамоада ўзаро ҳурмат ва соғлом рақобат муҳитини яратиш каби омилларга таянадиган етакчи.
— Оиламиздаги муҳит шу соҳага қизиқишимни уйғотган. Дадам узоқ йиллар банк тизимида ишлаган. Аввалига акам Шароф Азимов шу соҳани танлаб, муваффақиятларга эришди. Кейин эса мен. Касб танлаш борасида уларни устозларим деб биламан, — деди фахр билан бошқарувчи.

Мени “Hamkorbank” бойитди


Ён ўриндиқда ўтирган йигитнинг қандай хизмат туридан фойдаланишига қизиқдим. Ферузбек Ҳайдаров дея таништирди ўзини.
— Кўпдан бери хорижда ишлайман. Даромадимнинг асосий қисмини тўплаб бериш учун яқинларимга юборган эдим. Пулларимнинг анчасини ишлатиб қўйишибди. Қайтарамиз дейишди-ю, бироқ натижа йўқ. Энг ишончли йўл банкка омонат­га қўйиш дедим-да, ҳисоб рақами очирдим. Энди уларни ҳеч ким ололмайди, ишлатиб қўймайди. Аксинча, кўпайиб туради.
Бу банк мени бо­йит­ди. Ишонинг, даромадим уй олишга ҳам, машинали бўлишга ҳам етади. Бош­қа банклардан афзаллик­лари ортиқча оворагарчиликларсиз, тез хизмат кўрсатиши.
Мижоз Ситора Дўстёровага менежер Шаҳло Шукурова хизмат кўрсатаётган эди.
— Ўқитувчи бўлиб ишлайман. Анчадан буён шу банкнинг мижозиман. Бугун четдан келган пул ўтказмаси бор эди. Банк хизматини Шаҳлохон кўрсатди. Унинг муомаласи ва биз мижозларга бўлган ҳурматини қадрлайман, омадини берсин, — деди мижоз.

Ҳамкасблари “ҳаёти” билан яшайди


Махсуда Нуриддинова Қашқадарё МБХО, Қарши ҳамда Шаҳрисабз УБХОларининг ҳудудий НR менежери сифатида 3 та жамоа ходимлари билан ишлайди. Унинг вазифаси вакант лавозимларни бутлаш, “иш ўрганувчиларни жамоага мослаштириш дастури”да қандай ишлаётганини назоратини олиб боришдан иборат. Бир сўз билан айтганда ходимлар “ҳаёти” билан яшайди, десак муболаға бўлмайди.

Фидойи Дилбар опа
Қашқадарёликлар ҳақида мақола ёзмоқчи бўлсак Дилбар опадан сўраймиз.
Дилбар Саломова 2019 йилда фаолиятини бошлаган МБХОнинг биринчи ходимларидан. Жамоа­дагиларни яхши билади. Тажрибали, ёшларга устоз. Чин маънода фидойи.

Энг кўп мижоз
Ҳар доимгидек чакана хизматлар бўлимида. Мансур Давронов ана шу бўлимни бошқаради. Билимли, чаққон. Ишга ёндашувда оғир-босиқ, хотиржам, масъулиятли. Муаммога йўл қўймайди.
— Вилоят марказида жойлашувимиз биздан икки ҳисса масъулият билан ишлашни талаб этади. Кунига 500 га яқин мижозни қабул қиламиз. Хизматларимиздан фойдаланувчилар орасида қатъий тартибга амал қиладиган, соатини соатига қўйиб ишлайдиганлари бор. Уларни куттиришга ҳаққимиз йўқ.
Отабек Жўраев “Энг кўп кредит ажратадиган ходим”. У билан суҳбатлашиш учун кўп кутдик, бироқ жуда қисқа гаплашди. Ойига 3 миллиард, гоҳида ундан ҳам кўп кредит ажратишда устунликка эришмоқда экан. Бунинг исботи ортимизда кутиб турган мижозлардир.
— Таълим кредити бўйича 33 миллион сўмга мурожаат қилгандим, жуда тез битказиб берди. Бу банкни мақташганича бор экан, келиб адашмабман, — деди яна бир мижоз.
Абдурашид Абдувоҳидов хорижий валюта амалиётлари менежери. 2022 йилдан буён ишлайди. Мижозни сеҳрлаб олади, дейишганди, рост экан. Иш жараёнида бунга амин бўлдик. Менежер Маъруф Каримовнинг мижозлари кўплиги суҳбатлашиш имконини бермади. Шундай бўлса-да, хулосамиз ижобий. Фаол ходимлар қаторига ЧББ менежери Акбар Дарвишевни ҳам қўшиш мумкин. У ҳамкасблари орасида фаоли. Жамоада 70 дан ортиқ ходим бўлса, ҳар бири банк ривожига ҳисса қўшаётганини эътироф этиш жоиз.
Баҳодир Файзиев жамоада энг ёш кадр.
— Келганимга кўп бўлмади. Жамоа серҳаракат, банкда имтиёзлар бор, имкониятлар кенг. Рус, инглиз тилларини яхши биламан. Тил билганлар қадрланиши, қўшимча ҳақ олиши мумкин экан. Менга корпоратив хизмат кўрсатиш бўлими ёқди.


Фаоллик кўрсатган ва юқори натижаларга эришган ходимлар, албатта, рағбатлантирилади. Ўзига хослиги “Ички номинация” танловидир. Энг кўп хизмат кўрсатган ходим йил охирида қимматбаҳо совға билан тақдирланади. Масалан, iPhone 17 Pro ёки чет эл саёҳати.

Ошпазга ёлчиган жамоа
Ходимлар ошпаз Дилрабони мақтади. Насибамиз бор экан, тушликда у тайёрлаган овқатдан тановул қилдик. Таърифлаганларича бор экан — таъмига гап йўқ.
— Мазали таом, танани яйратувчи чолоп, овқатдан кейинги “дисерт”. Дилрабо ҳар бир таомни меҳр бериб тайёрлайди. Иш билан ташқарида бўлган ходимлар ҳам, албатта, тушликка етиб келишади. Ҳамкасбларимиз ақлий меҳнат билан зўриқишганда ошпазимизнинг таомлари куч беради, — дея изоҳлади Махсуда Нуриддинова.


Ёмғир ёғди. Офисга кирган одам орқасидан лойқа из қолиши табиий. Ойсара Ашурова, Гулшода Элмуродова тозаликка масъул. Улар кун бўйи тиним билмайди. Иш вақти тугаётганига қарамай мижозлар оқими тўхтагани йўқ. Бироқ фойе озода. Саришта бўлган бу даргоҳда шунинг учун ҳам барака бор.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА