ҲЕЧ БИР ОЗУҚА ОНА СУТИ ЎРНИНИ БОСМАЙДИ

— Қизимни 3 ойгача эмиздим, — дея сўз бошлади Севара исмли аёл. — Инжиқланиб, эммай қўйди. Оғир аҳволда шифохонага ётдик. Шифокор сутимни текширтиришни айтди. Хавфсираганим бўлди — сут заҳарли. Хафа бўлдим, иложсиз боламни кўкракдан ажратдик. “Humana” озуқаси беришни тавсия қилди. Аммо иккинчи куни болам қусиб, ичи ўта бошлади. Аҳволи янада оғирлашди, даволаш қийин кечди. Ўша кунларни эслагим келмайди. Сал тузалгач, «Малютка» бера бошладик, шукурки, ёқди. Икки ой шифохонада турли озуқалар синамаси билан курашдик. Кейин «Nutrilak» ва кучлиги дея «Nan»га ўтдик. Унгачалик чўнтагимиз қуриди. Фарзанд учун ҳар нарсага тайёр бўлар экансиз…
Қўшнимнинг ушбу сўзлари мақола ёзишимга сабаб бўлди.
Янги туғилган бола учун энг яхши озуқа она сутидир. Бу модда нафақат бетакрор таркибли овқат ва ичимлик, балки, ривожланиш демакдир. У гўдакнинг ҳаёти ва соғлиғини таъминлашга, дисбактериоз ва инфекциялардан ҳимоялашга, турли касаллик­лар ва модда алмашинуви бузилишининг олдини олишга қодир. Эмизиш чақалоқ ва она ўртасида боғлиқликни таъминлайди. Бироқ бугунги кунда кўпчилик болалар сунъий озиқлантирилмоқда. Айрим тиббиёт ходимларининг бепарволиги боис ҳам бола она сутидан мосуво бўлмоқда.
— Рўзғорга бозор қилаётсам, ўғлим қўнғироқ қилиб, туғилганига 3 кун бўлган набирам учун сунъий озуқа ола келишимни айтиб қолди. «Онасининг сути ҳозирча етади», десам “дўхтирлар келинингизга шундай дейишибди”, деган жавобни олдим. Суриштирсам, оддий ҳамшира айтган эмиш. «Ахир, келиннинг биринчи фарзан­ди бўлса, сут келгунча сабр қилиш керак-ку», дея эътироз қилган танишим ҳақ.
Ҳар қандай инсон оқ халат кийган тиббиёт ходимини нажот фариштаси деб билади. Биринчи фар­занд кўрган аёлда сутнинг кечикиб келиши табиий. Эътибор, масъулият шунчалар пастлаб кетганми туғруқхоналарда, деган ўй келади шундай пайтда.
— Бола қачон сунъий овқатланишга ўтказилади?
— Агар чақалоқ муддатидан олдин туғилган бўлса (кўкрак сўришга кучи етмаса), она сути альтернатив усулларда, яъни қошиқча, чашка, махсус бутилка, зонд ёки шприцда томчилаб (эҳтиёж ва ҳазм қилишига қараб) ичирилади. Ёки она сути таркибида болани яшашига тўсиқ бўлувчи микроб элементлари кузатилса. Ва онада сил касаллигининг очиқ шакли ёки ОИВ инфекцияси аниқланса. Бир тўхтамга келиш жуда қийин. Турли синамаларсиз бирдан сунъий овқатга ўтказилмайди. Бироқ жуда кўп ҳолларда жигаргўшасини қучиб, бағрига босган оналарга сут келган, боласини эмиза бошлаган, — дейди неанотолог Дилфуза Абдуллаева.
Демак, чақалоқларнинг маълум фоизи жуда кескин сабабларга кўра сунъий овқатлантиришга ўтказилар экан. Улар учун бу каби қоришмалар иложсизликдаги нажотдир. Шу мавзуда туғрухона ва болалар клиник шифохонасидаги янги фарзанд кўрган оналар фикри билан қизиқдик. Уларнинг айримлари эмизиш даврига хос «ножўя таъсирларни» бартараф этиш дея жавоб бердилар.
— Қоматим бузилишини хоҳламаганим учун. Боламга сут берсам, қорним очади ва парҳезни бузишимга тўғри келади. Ҳозирда болалар учун яхши-яхши озуқалар бор-ку, — дейди ёш келинчак Фарзона.
— Қизим соғлом туғилди. Тадбиркорлик билан шуғулланаман. Ишлаб чиқариш корхонаси очганман. 2-3 соатлаб бирон иш билан кетишга тўғри келади. Шунинг учун кашадан фойдаланман, — дея изоҳлади яна бир она.
— Сунъий озиқланадиган болалар кўп касал бўлади. Гоҳ қорни дам бўлади, гоҳида тошмалар тошиб кетади, кўнгил айниши, ич кетиши кузатилади. Озуқа танлаб, бола организмига мосини топгунча шу каби ҳолатлар кузатилади, — дейди болалар шифокори Дилрабо Абдазова.
— Қизим биринчи рўзғоридан болали бўлмагач, 6 йил деганда иккинчи марта оила қурди, фарзандли бўлди. Набирам уч ойлигида оғриб қолди, текширтирсак, онаси ҳомиладор экан. Мажбур сунъий овқатлантиришга ўтдик. Ҳозир 1 ёшга тўлди. Дастлаб «Nan», кейинчалик арзонроқ дея «Малютка» бердик. Ойига 500 мингга яқин пул кетади, ишонсангиз.
Мутахассисларнинг фикрича, ярим ёшга яқинлашганда ҳар бир бола учун шундай вақт келадики, фақат кўкрак сути ёки сунъий озуқанинг ўзи етарли бўлмай қолади, қўшимча қувватга, витамин ва минерал моддаларга бўлган эҳтиёж ортади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра, қўшимча овқат эмизикли болага 6 ойликда, сунъий овқатлантириладиган болага 4-5 ойликда берилади.
“Нега болалар озуқаси қиммат?”, дея берган саволимизга шифокор Моҳира Аҳмедова қуйидагича жавоб берди: “Сабаби, бу маҳсулотни тайёрлаш жуда мураккаб. Таркибига киритилган фойдали моддалар синовдан ўтказилиб, истеъмолга чиқарилгунча кўп вақт талаб этади. Ҳатто йиллар керак бўлади ва асосан чет элдан келтирилади”.
Болалар озуқаларининг бир нечта турлари мавжуд. Халқимиз қайсинисини танламоқда?
Ўтказилган сўровлар натижасига кўра, қуйидаги озуқа маҳсулотлари кўп харид қилиниши маълум бўлди: “Nan”, “Nestogen”, “Nutrilon”, “Малютка”, “Humana”, “Xipp”, “Similac”. Энг қулайи «Малютка» бўлиб, 6 ойликгача бўлган болаларга мўлжалланган, овқат ҳазм қилишни яхшилайди. Таркибида соғлом ўсиш ва ривожланиш учун омега-3 ва омега-6 ёғ кислоталари мавжуд. Боланинг ёшини ҳисобга олган ҳолда 16 та витамин ва 11 та минерални ўз ичига олади.
Телевидение орқали узатилаётган рекламалар чиройли, жалб қилувчи ва тортувчи. Унда болани кўкрак билан эмизиш лавҳаси акс эттирилган. Шундан ҳам она сутининг муҳимлиги ва ҳеч қандай озуқа унинг ўрнини босмаслигини тушуниш қийин эмас. Майда ва кўринмас ҳарфлар билан экран паст­ки қисмида асосий маълумот берилган: ҳеч қандай қоришма она сути ўрнини босолмайди.
Болангизни бағрингизга босинг, қучиб-эркаланг, кўкрак тутинг. Шундагина чинакам меҳрни, оналик бахтини туясиз.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА.