616 МИЛЛИОН СЎМЛИК МУАЛЛИМ
Бу йилги “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрамида таълим соҳаси тарихида энг йирик моддий рағбатлантириш кузатилди. “Йил ўқитувчиси – 2026” танловида ғолибликни қўлга киритган педагоглар 616 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди.
Юртдошларимиз уларга ҳавас билан “616 миллион сўмлик муаллим”, дея қарамоқда. Ана шундай фидойи ўқитувчилар орасида Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги 21-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Шукрулло Ҳасанбоев ҳам бор. Ёш педагогнинг бу ютуғи ҳамкасблари билан бирга барча фарғоналикларни қувонтирди.
Соҳада иш бошлаганига атиги беш йил бўлган муаллим янгиликка интилиши, изланувчанлиги ва ўз касбига бўлган меҳри сабаб бундай натижага эришди. “Йил ўқитувчиси — 2026” танлови унинг учун нафақат синов, балки ўзига хос маҳорат мактаби ҳам бўлди.
Шукрулло Ҳасанбоев олийгоҳни тамомлаган йили дастлаб 21-мактабга олий маълумотга эга бўлмаган ёш ўқитувчиларни она тили ва адабиёт фанидан ўқитиш учун таклиф этилганди. Жамоа уни илиқ қарши олди ва ўз сафига қўшди. Икки йил ичида олий малака тоифаси, тўрт йилда Мактабгача ва мактаб таълим вазири устамасига эришди. Миллий сертификат имтиҳонларида уч марта “А+” даражасини қўлга киритди. Ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди. Замирида тинимсиз изланиш, интилиш, меҳнат ва яна меҳнат мужассам.
— Шукрулло зиёлилар оиласида вояга етгани учун ҳам илмга интилувчан йигит, — дейди мактаб директори Шаҳзода Хўжаева. — Ўқишдан, ўрганишдан тўхтамайди. Инглиз ва араб тилларида эркин мулоқот қилиш баробарида хорижий тиллардаги адабиётларни ўқиб боради. Бир қатор илмий мақолалари нуфузли халқаро журналларда чоп этилди. Ёш бўлишига қарамай ҳамкасбларининг ҳам устозига айланмоқда.
Айни вақтда 13 миллион сўм маош олаётгани ва эришилган ютуқлар Шукрулло учун чегара эмас. Яратилган имкониятлардан фойдаланиб, янги марраларни эгаллаш ва янада кўпроқ маош олиш ҳаракатида.
— Касб байрами арафасида катта миқдорда пул билан мукофотланишим ютуқ, юксак эътибор, — дейди изланувчан муаллим қувончдан кўзлари порлаб. — Бундай натижага эришишимда ота-онамнинг ҳиссаси катта, улардан миннатдорман. Президентимиз томонидан бизга берилган баҳо масъулиятимни янада оширди. Янги режалар белгилаб олдим. Асосийси, бу касбни танлаб адашмаганимни тушуниб етдим.
616 миллион сўм… Бу шунчаки оддий маблағ эмас. Меҳнатга яраша рағбат. Жамиятда ўқитувчининг қадр-қимматини янада кўтариш, руҳлантириш йўлидаги қадам.
Акбаржон Назаров
Муқимжон Қодиров олган суратлар

