НАҚД ПУЛ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?
Нақд пул билан боғлиқ масалалар ҳар доим барчамизга қизиқ бўлиб келган. Марказий банкнинг Нақд пул муомаласи департаменти фуқароларнинг нақд пул билан боғлиқ саволларига жавоб берди.
Пуллар қайси ҳолатгача яроқли ҳисобланади?
Қандай ҳолатдаги банкнотлар монеликсиз тўловга қабул қилиниши ва тушум пули сифатида банкларга топширилиши белгилаб қўйилган. Хусусан:
— ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилишлар, сийқаланишлар, (жумладан, ғижимланган) доғлар, қалам, сиёҳ ва фломастер билан ёзилган ёзувлари мавжуд бўлган пуллар;
— йиртилган ва елимланган пуллар, агар пулнинг иккала қисми, шак-шубҳасиз, битта банкнотга тегишли бўлса;
— бўёқ моддалари ва кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;
— шикастланиш тури ва жойлашишидан қатъи назар, банкнот тўлиқ ҳажмининг 55 фоизидан кам бўлмаган қисми сақланиб қолинган пуллар.
Қандай пуллар тўловга яроқсиз ҳисобланади?
— банкнот юзасининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган пуллар “тўловга яроқсиз” ҳисобланади ва улар савдо шохобчаларида қабул қилинмайди. Номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган “қалбаки”, “сохта” пуллар ҳам яроқсиз дейилади.
Шикастланган пулларни банкларда алмаштириб олса бўладими?
Агар банкнот тўловга яроқли белгиларига эга бўлса, ҳеч қандай муаммосиз банкларда янгисига алмаштириб берилади. Тўловга яроқсизлари банк томонидан қабул қилинмайди.
“Эскирган” пуллар банклар орқали қабул қилингач, улар қайта муомалага чиқарилмайди.
“Майдалаб” олиш мумкинми?
2018 йилда янгича кўринишдаги ва олдинги тангаларга нисбатан енгилроқ, ихчамроқ кўринишда 50, 100, 200, 500 сўмлик янги намунадаги тангалар чиқарилди.
Фуқаролар, шу жумладан, савдо шохобчалари ҳам банклардан қоғоз пулларни кичик қийматдаги купюралар ва тангалар кўринишида “майдалаб” олишлари, шунингдек, савдо шохобчалари уларга хизмат кўрсатувчи банкдан ҳисоб рақамларидаги маблағлар доирасида нақд пулларнинг бир қисмини танга кўринишида олишлари ҳам мумкин.
Пулнинг ҳақиқийлигини билдирувчи белгилар
Бир қарашда эътибор қилиниши лозим бўлган ҳимоя элементларини санаб ўтадиган бўлсак, улар дунёдаги деярли барча банкнотларда деярли ўхшаш. Буларга:
— ҳимоя ипи. Мисол учун, 1000 сўмлик банкнотнинг қоғоз қатламида бўлса, 5000 сўмликда қоғоз қатлами сиртига чиқиб, ичкарига ботувчи, 10 000, 50 000, 100 000 сўмликларда ҳам шу шаклдаги “3D” эффектли ҳимоя ипи ўтказилган;
— сув белгиси. Ўзбекистон банкнотларида Герб, банкнот номинали, 100 000 сўмлик банкнотда Мирзо Улуғбек портрети кўринишда тайёрланган;
— бармоқ учлари билан ушлаб (сийпалаб) кўрилганда сезиладиган бўртиб турувчи тасвирлар;
— маълум қиялик бурчаги остида қаралганда, рангини ўзгартирувчи тасвирларни (нақш ёки рақам кўринишида) айтиб ўтиш лозим.
Сохта купюра
Қўлимизга шубҳали (жумладан, сохта) бўлган пуллар келиб тушганда, уларни ҳақиқатда қалбаки эканлигини аниқлаш ҳамда келгусида уларга қонуний баҳо бериш мақсадида тижорат банкларига топшириш тавсия этилади. Шунингдек, ушбу банкнот қандай қилиб, қайси ҳолат ёки жараёнда, ким орқали ушбу фуқаронинг қўлига келиб тушганлигини баён этиш мақсадга мувофиқ.
Осиё тайёрлади.