ЧЕККА ҲУДУДДАГИЛАР УЧУН ЯНА БИР ИМКОНИЯТ

Осиё Тараққиёт Банки ҳамда чет эл капитали иштирокидаги “Hamkorbank” АТБ Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес, шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган умумий миқдори 20 миллион АҚШ доллари бўлган кредит линияни ажратиш юзасидан келишувни имзолади.
“Ўзбекистон иқтисодиётида кичик корхоналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бизнес субъектлари муҳим ўрин тутади. Лекин улар чекка ҳудудларда зарур молиявий маблағларни олишда муаммоларга дуч келмоқда. Ушбу кредит линияси кичик бизнес вакилларини ўз фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришда миллий валютадаги маблағларга бўлган эҳтиёжини қондиради ва умуман олганда, мамлакатда COVID-19 пандемияси асоратларини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади”, деб таъкидлади ОТБнинг хусусий сектор молия институтлари бўлинмаси директори Кристин Энгстром.
Мамлакатда иш берувчиларнинг 74 фоизи кичик бизнес соҳасида фаолият кўрсатади, иш ўринларининг 69 фоизи эса қишлоқ ҳудудларига тўғри келади. COVID-19 пандемияси сабабли миллий валютадаги пул маблағларига бўлган эҳтиёж янада ошди. Ушбу талабни қондириш мақсадида кредит линиясининг 80 фоизи айнан чекка ҳудудлардаги бизнес вакилларига йўналтирилади.
— “Hamkorbank” ва Осиё Тараққиёт Банки узоқ йиллардан бери самарали ҳамкорлик қилиб келади. Биргаликда амалга оширилган лойиҳаларнинг сони 10 дан ортиқ. Келишувнинг ўзига хослиги шундаки, ОТБ томонидан 20 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит линия­си “Hamkorbank”га давлат кафолатисиз тақдим этилмоқда. Бу ҳар икки томоннинг узоқ йилларга мўлжалланган, манфаатли ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик асосида иш юритаётганлигини кўрсатади, — деди “Hamkorbank” АТБ Бошқарув раиси Бахтиёржон Жўраев.
Кичик бизнесда гендер тенглигини таъминлаш мақсадида аёллар томонидан бошқарилаётган бизнес субъектларини молиялаш­тиришда ушбу кредит линия ўз ҳиссасини қўшади. 2019 йилда Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган бизнес субъектларининг 11,9 фоизида устав фонди, 14 фоизида эса устав фондининг миноритар улуши аёлларга тегишли бўлган. 2017 йилда мамлакатда жами ажратилган банк кредитларининг 2,5 фоизи аёл тадбиркорларга тўғри келади.
Мазкур кредит линияси мамлакат молия бозорини ривожлантиришга кўмак беради. Миллий валютада облигациялар муомалага чиқарилади. Ривожланган ҳалқаро капитал бозорига киришда имкониятларнинг чегараланганлиги ҳамда депозит маблағларининг камлиги шароитида, ОТБ томонидан узоқ муддатли молиялаш­тириш жараёнининг амалга оширилиши “Hamkorbank”нинг кредит салоҳиятини янада мустаҳкамлайди.

Наргиза ЭШОНОВА.