ЖАМОА-ОИЛА, УНДА МЕҲР-МУҲАББАТ МАВЖУД

бу туйғулар қувасойликларнинг қарашларида мужассам
Қувасой Фарғона водийсининг саноатлашган шаҳарларидан ҳисобланади. “Hamkorbank” АТБ Қувасой филиали шаҳарнинг марказида жойлашган, ҳозирда 64 нафар ходим ишлаб келмоқда. Филиал ўз фаолиятини 2003 йилда бошлаган бўлиб, бир неча бор йил якунлари бўйича энг юқори натижаларга эришган. Намунали хизматлари ва мижозлар билан ўзаро муносабатлар стандартлари сифати учун 1-ўринга сазовор бўлган. Бугунги кунда филиалнинг 3 та — «Ҳамроҳ», «Қува» ва «Фарғона» банк хизматлари офислари мавжуд.


Жамоа гўё бир оила-ўзаро илиқ, хушмуомала ва ҳурматда. Уларнинг табиатига бир-бирларини эъзозлаш, қадрлаш каби инсоний фазилатлар сингиб кетган. Шундай бўлиши ҳам керак. Ахир куннинг асосий қисмини бирга, банкда ўтказишади. Ҳар бир ходимнинг руҳий ҳолатига эътибор қаратилади, қувончу ташвишлари билан ҳисобламиз. Кун давомида уларнинг ана шу ҳолати, айниқса, яхши кайфияти муваффақият ва сифатли хизмат асосидир. Шундан бўлса керак, жамоамиз “Бир киши ҳамма учун-ҳамма бир киши учун!” шиори доирасида бирлашган.
Жамоамизда устозлик-мураббийлик анъанаси юқори. Соҳада узоқ йиллар ишлаган, малакали мутахассислар ёш кадрларга, касб сирларини сидқидилдан ўргатадилар. Ходимларнинг доимо ўз устида ишлашлари, изланишлари натижасида, 2020 йилда 3 нафар ҳамкасабимиз Банк-Молия академиясига ўқишга кирди.
Филиалда ҳар бир ходимнинг алоҳида ўрни бор. Мисол учун, жонкуяр ҳамкасбимиз Баҳодиржон Мелибоев меҳнаткашлиги, зукко ва изланувчанлиги, кимгадир ака, яхши ука ва садоқатли дўст эканлиги билан ажралиб туради. Ҳар бир вазифани сидқидилдан бажариб, намуна кўрсатади, мижозлар билан хушмуомалада бўлади.
Жамоа “COVID-19” пандемияси даврида бир-бирига меҳрибонлиги билан ҳам руҳан, ҳам маънан қўллаб-қувватлади. Бунда илгариги раҳбаримиз Фарҳоджон Махсудовнинг ўрни салмоқли. Унинг ҳар доим: “Банк тизимида барчамиз ўз йўналишимизда биргаликда ҳаракат қилиб, юқори кўрсаткичларга эришамиз. Шу давргача қўлга киритган ютуқлар ҳаммамизники. Ҳалоллик, шаффофлик билан виждонан иш олиб борсак, юқори натижалар бизники”, дея таъкидлаши жамоага руҳ берди. Айни пайтда филиалга раҳбарлик қилаётган Ҳусниддин Юлдашев ҳам эзгу ишларни амалга оширишга астойдил киришган. Қисқа фурсатда жамоанинг ҳурматини қозонди.
Филиал ошхонасида пазанда ошпазлар дастурхони кўнглимизни янада кўтаради. Миллий ва Европа таомларининг хилма-хиллиги ва сифатига гап йўқ. Улар тўғри овқатланиш тартибига қатъий амал қиладилар. Табиий маҳсулотлардан тотли шарбатлар тайёрлашади. Турли ноз-неъматлару ширин таомлар билан безатил­ган дастурхон атрофида чинакам меҳрни туямиз. Ошпаз Зуҳрахон Абдураҳмонованинг қўллари ширин, дея алқаб қўямиз. Филиалга келгув­чилардан фақат мақтовлар эшитамиз. Бунда, албатта, бошланғич касаба уюшма раиси Умидахон Мамаюсупованинг хизматлари катта.
Фахрийларни йўқлаш анъанага айланган. Байрамларда кўнгилларини олишга интиламиз, тадбирлар уларсиз ўтмайди. Дуолари ила юқори натижаларга эришмоқдамиз.
Айни пайтда биноимизнинг янги жиҳозлар ва замонавий компьютерлар билан жиҳозланиши кайфиятимизни янада кўтарди. Қулай шароит, яхши ҳордиқ, табиат қўйнида дам олиш иш унумини юксалтирмоқда. Айни дамда биринчи ярим йилликни юқори кўрсаткичлар билан якунлаш мақсадида астойдил ишламоқдамиз.
Нафисахон ТОШМАТОВА,
Қувасой филиали мидл офис менежери.