ИССИҚ ШАҲАРНИНГ ИСТАРАЛИ БАНКИ

Термиз шаҳридаги Наврўз банк хизматлари офиси “Hamkorbank” тасарруфидаги биринчи гуруҳ БХОлар тоифасига киради. 2004 йилдан буён мини банк сифатида фаолият юритиб келаётган тармоқ шу йилнинг июнь ойидан бошлаб БХО мақомида иш бошлади. Натижада 2 кишилик жамоа 6 нафар ходимга эга муассасага айланди. Айни пайтда ўз мақомидан келиб чиқиб, барча турдаги банк хизматларини кўрсатмоқда. Энг яхши натижалар эса истеъмол кредити, микроқарз, юридик ҳамда касса хизматлари орқали қўлга киритилмоқда.
— 120 та юридик ҳамкор­ларимиз мавжуд. Маблағ айланмаси катта бўлса ҳам айрим йирик корхоналар биз билан бирга ишлаяпти. Сабаби, уларга кўрсатаётган хизматларимиз маъқул бўлмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши, “Юнико Плус” МЧЖ, “Уйжойсаноатсувқурилиш” лойиҳалаш хусусий корхонаси ана шулар жумласидан ва улар даромадимизга ижобий таъсир кўрсат­япти, — дейди БХО бошлиғи Сирожиддин Норматов.
Бугун аҳоли банкларга кўпроқ микроқарз, валюта айрибошлаш, пул ўтказмалари хизматларидан фойдаланиш учун мурожаат қилмоқда. Мақсад — турмуш фаровонлигини ошириш. Мазкур БХО ходимлари ҳар бир мижозга тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ҳаракат қилади. Зеро бу ерга бир бор қадам ранжида қилган инсон яна қайтиб келсин ва доимий мижозга айлансин.
Н.ТЎХТАМАТОВА.