ЙИЛЛИК ДОВОН 9 ОЙДА ЗАБТ ЭТИЛДИ
Юнусобод “Hamkorbank”нинг энг ёш филиалларидан бўлишига қарамай, сўнгги пайтларда ижобий кўрсаткичлари билан тез-тез тилга олинадиган бўлди. Шу йилнинг учинчи чорак якунларига кўра, 1-гуруҳ филиаллари орасида биринчи ўринни эгаллади. Хўш, бунинг ортида қандай омиллар ётибди? Бу борада филиалнинг корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи Ғайрат Бегбўтаев ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Аввало, ўз гуруҳимизда етакчиликни қўлга киритишимизга 9 ойлик режани 115 фоизга бажарганимиз сабаб бўлди. Йиллик режамиз 7,4 миллиард сўм эди. Учинчи чорак якунидаёқ ушбу рақамни 8,48 миллиард сўмга етказдик. Бу жуда катта натижа.
Жамоамиз 45 кишидан иборат, корпоратив хизматлар кўрсатиш бўлимида 7 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Бошқарувчимиздан тортиб кассиргача доимий изланишда. Ҳамма натижа учун ҳаракат қиляпти. Масалан, 9 ой давомида бизнинг бўлим жами фойданинг 73 фоизини берди. Мана шу вақт давомида 3 дона VIP ва 250 дан ортиқ бошқа юридик мижозлар жалб қилдик. Мижозлар билан илиқ муносабатларни йўлга қўйишимизда ва кўрсаткичларимизни юқорилашида халқаро валюта амалиётлари бўйича ҳисоб-рақам менежери Лейла Эргашева, оммавий сотиш менежери Элёр Назиров, транзакцион ҳисоб-рақам менежери Дилбар Ниязимбетоваларнинг ҳиссаси катта бўлди. Саъй-ҳаракатларимизнинг натижаси ўлароқ ҳозирда 605 та юридик мижозга эгамиз.
Муваффақиятимизнинг яна бир сабаби, катта даромад келтирадиган йирик мижозлар билан ўрнатган ҳамкорлигимиз бўлди. Февраль ойида “Ўзмахсуссувтаъмиртаъминот” АЖ, апрелда Фармацевтика таълим ва тадқиқот институти билан шартнома имзолаган эдик. Ҳисобрақамида катта миқдордаги ресурс маблағларига эга бу мижозларимиз фойда даромадимизга муҳим ҳисса қўшяпти.
Учинчи чорак якунидаги етакчилигимиз учун жамоамиз 25 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Қизғин иш кунидан сўнг маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида “Браво” жамоасининг концерт дастурига жамоавий ташриф буюриб, бир олам таассуротлар билан қайтдик. Насиб қилса, тўртинчи чоракда ҳам самарадорликни пасайтирмай йилни юқори натижалар билан якунлаймиз.