Хотиржамликка берилманг

Кейинги ойларда юртимизда СOVID-19 га чалиниш статистикасида пасайиш кузатилмоқда. Аммо кўрсаткичлар озайгани сари одамларда эҳтиёткорлик сусайиб боряпти. Буниси — хавотирли.
Пандемия хавфи ҳамон эшик ортида турибди. Дунёда вазият яна мураккаблашмоқда. Касаллик ортга чекиниш ўрнига, айрим мамлакатларда қайта авж оляпти. Масалан, Австрия­да умуммиллий локдаун амалга кирди. У 20 кунгача давом этиши белгиланган. Бу вақт мобайнида барча оммавий ва маданий тадбирлар бекор қилинади. Умумий овқатланиш шохобчалари ва маданият масканлари, аксарият савдо нуқталари, таълим муассасалари ёпилади.
Чекловлар эмланмаганлар учун, айниқса, қатъий. Уларнинг озиқ-овқат дўкони, дорихона, шифокор кўриги каби энг муҳим эҳтиёжлардан бошқа мақсадлар учун кўчага чиқиши тақиқланган. Ҳозир мамлакатда вакцина олмаган 2 миллион киши шундай чоралар шароитида яшашга мажбур.
Буюк Британияда барча бочқичда тўлиқ эмланган 40 ёшдан ошган фуқаролар коронавирусга қарши вакцинанинг бустер дозасини олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Словакия 22 ноябрдан корона­вирус­га қарши эмланмаган фуқаролар учун локдаун жорий этган яна бир мамлакат бўлди. Бундай аҳоли қатлами кафе ва ресторанлар, савдо марказлари, оммавий ва спорт тадбирларига бора олмайди.
Юқоридагилар барчамизни хотиржамликка берилмай, вакцина олишга ва ўз саломатлигимиз учун курашишга чақиради.

(ЎЗ мухбиримиз).