“Hamkorbank” АТБ Бошқаруви раиси Бахтиёржон Жўраевнинг Янги йил байрам табриги
Азиз устозлар, қадрли ҳамкасблар, ҳурматли дўстлар!
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном олган 2021 йил ўз ниҳоясига етмоқда. Таъкидлаш жоизки, ҳаммамиз учун муқаддас маскан, барчамизни ягона мақсад сари бирлаштирган “Hamkorbank” АТБ учун ўтган 2021 йил эсда қоладиган муҳим воқеликлар, янгиланишларга бой бўлди. Худди шу йил банкимиз ўзининг қутлуғ 30 ёшини кенг тантана қилди. Албатта, бундай муҳим санани ёруғ юз, эътирофга арзигулик муваффақиятлар билан қарши олишда ҳар бирингизнинг муносиб ҳиссангиз бор.
Банкимизнинг юбилей тантанаси кенг нишонланган жорий йилда “Hamkorbank”нинг кредит портфели 9 триллион сўмдан ортиб кетди. Ушбу йилда ҳам кўплаб халқаро молия ташкилотлари билан бир нечта йирик кредит линия ажратилиши бўйича келишувларга эришилиб шартномалар имзоланди. Қувонарли жиҳати, “Hamkorbank” “Asiamoney” журнали томонидан “Ўзбекистондаги энг яхши рақамли банк” сифатида эътироф этилди. “Йил бренди” танловининг натижаларига кўра, “Ўзбекистоннинг энг яхши банки” номинациясининг ғолиби бўлди. Якунига етаётган ушбу йилда банкимизнинг 47- (Миробод) филиали ўз фаолиятини бошлади. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида юртимиз бўйлаб 100 дан ортиқ банк хизматлари офислари иш юритмоқда.
Ҳамкорларимизнинг бизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, банкимизга хайрихоҳ бўлган инсонларнинг сонини ошириш ва мижозларга ҳар томонлама сифатли хизмат кўрсатишимиз учун астойдил изланишимиз, бор билимимиз, иқтидоримизни сафарбар этишимиз даркор. Эзгу мақсад ва ниятларнинг рўёбга чиқиши учун эса мустаҳкам саломатлик, изланиш ва ташаббус талаб этилади. Коронавирус пандемияси давом этаётган шу паллада ҳар бирингизга, оила аъзоларингиз ва яқинларингизга мустаҳкам соғлиқ тилайман.
Кириб келаётган Янги — 2022 йил юртимизга тинчлик-осойишталик, хонадонларимизга файз-барака, оилаларимизга чексиз хурсандчиликларни олиб келсин.

