ТОКИОНИ ЎЗИНИКИ ҚИЛИБ ОЛГАН ЎЗБЕК МУРАББИЙИ
Суҳбатдошимиз — енгил атлетика бўйича Ўзбекистон Миллий паралимпия терма жамоаси бош мураббийи, фидойи, ватанпарвар спортчи Сардор Абдухолиқов.
— “Uzbekistan Sport Awards-2021” тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши пара спорт мураббийи” деган номга сазовор бўлдингиз. Ҳиссиётлар, таасссуротлар. Бу фаолиятингиздаги нечанчи мукофот?
— Ҳа, таассуротлар бир олам. Меҳнатларингиз ажойиб якун топса, жуда ёқимли бўларкан. Қолаверса, бундай эътироф ва ишонч инсонга янада мотивация бағишлаб, ўз олдига катта мақсадларни қўйишига туртки беради. Бу ҳаётимдаги учинчи катта мукофот. 2016 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвони билан, шу йил сентябрь ойида “Мардлик” ордени билан тақдирландим.
— Мураббийлик фаолиятингизга нечи йил бўлди ва бу соҳанинг ортидан топганларингиз?
— Мураббийликни 2007 йилда бошлаганман. Ўшанда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси эдим. Спортнинг енгил атлетика турида иш бошлаган бўлсам, ҳануз шу соҳадаман.
15 йил давомида бир-биридан ажойиб шогирдлар, давлатимизнинг ишончи ва кўплаб нуфузли мусобақаларда ютуқларга эга бўлдим. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвони берилганида 28 ёшда эдим. Ваҳоланки, 50-60 ёшга кириб ҳам биронта мукофот олмаган қанча мураббийлар бор. Мен ўз соҳасида омад ва бахтга эришган инсонларданман.
— Токиодаги параолимпия ўйинларида эркин ҳаракатларингиз орқали ўша ердагиларнинг диққатини тортдингиз, гапнинг очиғи, япон миллий стадионини ўзингизники қилиб олдингиз? Операторларнинг камераси ҳам кўпроқ сизга қаратилди.
— Биз дунёдаги энг йирик мусобақада иштирок этдик. Бунга тўрт йил давомида тайёргарлик кўрдик. У ердан натижа билан қайтиш жуда муҳим эди. Агар мен ўша пайтда ўзимдаги ҳаяжон ва қўрқувни енгиб, эркин ҳаракат қилмасам, бу спортчиларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатарди. Мураббийдаги ишонч спортчининг руҳиятини кўтаради, ундаги мотивацияни оширади. Қолаверса, бундай катта турнирларда кўп иштирок этганим учун ҳам тажриба ўз сўзини айтди.
— Спортчиларнинг иштирокида мураббийнинг ўша пайтдаги кўрсатмаси жуда муҳим ҳисобланади. Бунга ёш спортчимиз Асила Мирзаёрованинг чиқишида ҳам гувоҳ бўлдик.
— Олимпиадада енгил атлетикачиларимиз орасида мусобақани биринчи бўлиб Асила бошлади. Бу дастлабки иштирокимиз бўлгани учун жуда ҳаяжонландик. Бир кун олдин ўзимдаги ҳаяжонни енгиш ва тиниқиб дам олиш учун уйқу дори қабул қилишга мажбур бўлдим. Шукрки, Асила кўрсатмаларни аниқ бажариб, юзимизни ёруғ қилди ва илк кумуш медални тақдим этди.
— Дунё миқёсидаги йирик мусобақаларда иштирок этасиз. Бошқа мамлакат спортчиларининг бизникилардан ажралиб турадиган жиҳати борми? Ёки бизнинг спортчиларда бошқаларда бўлмаган қайси хислат бор?
— Ҳар бир спортчи миллати, давлатидан қатъий назар, мусобақага битта мақсадда ва юқори спорт формасида боради. Лекин ўйин пайтида айнан руҳият ва характер муҳим роль ўйнайди. Бу нафақат бир спортчининг, балки, бутун бошли миллатнинг характерини намоён қилади.
Бир нарсани очиқ айтиш керак, бизнинг спортчиларимизда ғалабадан манфаатдорлик ҳисси кучлироқ бўлади. Негаки, медаль билан қайтса, ўз юртида уни қандай бахтли онлар кутаётганини билади. Ҳеч қандай моддийликка алишмайдиган, пул билан ўлчаб бўлмайдиган шундай ёқимли ҳиссиётлар борки, у туйғуни айнан бизнинг мамлакатимиз спортчилари туяди. Бу давлат раҳбари эътирофи, қўллаб-қувватлаши, халқ олқиши. Бундай бахтга жонни фидо қилса арзийди.
— Қандай характердаги спортчи кўпроқ ютуққа эришади?
— Характернинг роли спортнинг турига қараб сезилади. Айрим спорт ўйинларида хотиржамлик, камтаринлик, вазминлик муҳим бўлса, айримларида агрессивлик, кучли ҳаяжон ёрдам беради. Лекин, барибир, спортчининг эгоист бўлиб, атрофдагилар билан камроқ мулоқот қилгани ва кўпроқ машғулотга эътибор қаратгани яхши.
— 2021 йил сиз учун…
— 34 йиллик ҳаётимдаги унутилмас йил бўлди дея оламан. Энг қувончли онларни ҳам, энг оғир кунларни ҳам бошимдан кечирдим. Токио олимпиадасида менинг мураббийлигим остида иштирок этган спортчилар 5 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медалини қўлга киритди. Шу билан бирга 1 та жаҳон, 1 та паралимпия рекордини янгилади. Бу юртимизда энди ривожланаётган пара спорт учун катта натижа. Ёмон кунимни, майли, эсламай қўя қолай. Барчаси ўтиб кетди.
— Яқин орада қандай мусобақага тайёргарлик кўряпсиз?
— Март ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида халқаро турнир ўтказилади. Ҳозир бор диққатимиз шу мусобақага қаратилган.
— Суҳбат учун ташаккур. Омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!
Н.ТЎХТАМАТОВА суҳбатлашди.

