ИШОНЧЛИ БУНЁДКОР
Юртимизда қурилиш соҳаси юқори суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Шаҳарлар қиёфасини ўзгартириш ва аҳоли учун замонавий шароитлар яратишда Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган “Suxrobbek-savdo lyuks” масъулияти чекланган жамияти алоҳида ажралиб туради.
Қурилиш корхонаси 2011 йилда ташкил этилган. Шу кунга қадар кичик корхонадан йирик ва барқарор қурилиш ташкилотигача бўлган йўлни босиб ўтди. Бошланғич сармоя ва қатъий мақсадлар компаниянинг ойдин йўлини очиб берди. Миллиардлаб маблағга эга бўлган йирик иқтисодий субъектга айланишида МЧЖ таъсисчилари, салоҳиятли иқтисодчилар, қурилиш мутахассисларининг билими ва изланишлари ёрдам берди. Молиявий ҳамкор сифатида “Hamkorbank” АТБ Қашқадарё минтақавий банк хизматлари офиси қўллаб-қувватлади.
Ўзбекистон ҳудудларида урбанизация ва инфратузилмани ривожлантириш суръатлари ички қурилиш бозорида рақобатни кучайтирмоқда. Яъни қурилиш соҳасидаги кўплаб кичик корхоналар дастлабки 3-5 йил ичида молиявий инқироз ёки рақобат туфайли бозорни тарк этади. Бундай шароитда узоқ муддатли барқарорликни сақлаб қолиш тўғри стратегик бошқарув ва молиявий мустаҳкамликка эга корхоналарга насиб этади. “Suxrobbek-savdo lyuks” МЧЖ 15 йилдирки, рақобат бозорида фаолият юритиб келмоқда. Бу корхонанинг инқирозларга қарши ички тизими шакллангани, ишлаб чиқариш салоҳиятини замонавий техникалар билан ошириб бораётгани ва кадрларга алоҳида эътибор қаратаётганидан далолат беради.
Давлат ва йирик хусусий буюртмалар учун ўтказиладиган тендерларда молиявий устунлигини кўриш мумкин. Бунда асосий омил ихтисослашувдир. Турар жой ва нотурар жой бинолар қуриш, мавжуд объектларда реконструкция ишларини сифатли олиб бориш маҳаллий бозор талабига тўлиқ мос келади. Мазкур МЧЖ ана шундай корхоналар сирасига киради. Унинг учун сифат ва хавфсизлик биринчи навбатда. Замонавий кўп қаватли уй-жой мажмуалари, биноларни қуриш айнан МЧЖнинг лойиҳаларида акс этган. Жорий йилнинг 9 ойлик даврида мактаблар қуриш ва реконструкция қилиш асносида 8 та умумтаълим мактаби фойдаланишга топширилди. Шундан 4 тасининг биноси янгитдан қурилди. Биринчи мавсумда 40 миллиард сўмлик хизматлар амалга оширилди. Иккинчи мавсумда кутилаётган режа 30 миллиард атрофида.

— Нафақат биноларнинг ташқи кўринишига, балки сейсмик мустаҳкамлиги ва энергия тежамкорлигига ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Қурилиш жараёнида маҳаллий ва сифатли хом ашёлардан фойдаланиш асосий тамойилларимиздан бири. Шаҳарсозлик, қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш биз учун жуда муҳим, — дейди корхона ҳисобчиси Шерзод Жўраев. — Айни пайтда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш, мавжуд техникаларни ижарага беришни йўлга қўйганмиз. Бу билан янги иш ўринлари яратилди.
Корхонанинг ривожланиш йўлида 350 га яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 29 нафари олий маълумотга эга, тажрибали, муҳандислик ва бунёдкорлик йўналишида изланаётган мутахассислар. Қарши шаҳри ва унинг атрофида аҳолининг зичлиги корхона ривожининг бир нечта устувор йўналишларини белгилаб бермоқда. Маҳаллийлаштириш ва таннарх ривожланишда энг муҳим жиҳат. Корхонанинг жойлашуви ҳудудий жиҳатдан қурилиш материалларини етказиб беришдаги логистика харажатларини камайтиради ва тайёр кўчмас мулк таннархининг рақобатбардошлигини таъминлайди. Маҳаллий ишчи кучидан фойдаланиш аҳоли бандлиги муаммосини ҳал этишга хизмат қилмоқда.
“Suxrobbek-savdo lyuks” МЧЖ шунчаки қурилиш компанияси эмас, балки Қашқадарё вилояти иқтисодий инфратузилмасининг барқарор бўғинларидан бири. Молиявий кўрсаткичлари ва бозордаги тажрибаси унинг келгусида ҳам етакчилик позициясини сақлаб қолишига асос бўла олади.
Н. ЙЎЛДОШЕВА

