АСАМ УСТОЗ
Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, улар ҳақида қанча гапирсанг оз. Тўғри, касби ва лавозимидан келиб чиқиб юқори натижаларга эришганлар кўп. Кўксини қатор медалу орденлар безаганлар ҳам талайгина. Аммо устозлик ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Самарқандлик Асам Умиров ана шундай мартабага эришган инсонлардан. Бир қарашда ҳамма банк ходимларига ўхшасада, ўзига хос ибрат олишга арзигулик қирралари бор. Муомала маданияти, атрофдагиларга доим яхшилик улашиш унинг яшаш қоидаси. Ўзгаларга нафинг тегмадими, зараринг ҳам тегмасин, дейди доим ёшларга.
“Hamkorbank” АТБнинг Самарқанд филиалига кирган мижоз борки, Асам ака ҳақида яхши фикрда. Негаки қандай масалада банкка кирманг, у сизга ёрдам қўлини чўзади, маслаҳатини аямайди. Шундан бўлса керак, мижозлар ҳам бир муаммога дуч келса, унга юзланади. Йирик корхоналар янги бир лойиҳа устида иш бошлашда молиявий масалада унинг фикрларини инобатга оладилар.
Асам Умировни банк тизимида иш бошлаганига 30 йилдан ошди. Аввалига «Агросаноатбанк»да, кейин «Тадбиркорбанк» ва «Савдогарбанк»да фаолият юритди. Қандай вазифада ишламасин, ўз касбини пухта эгаллаш ҳаракатида бўлди. Ўқиш, изланиш борасида устозларининг ортидан борди.
2008 йили “Hamkorbank” АТБга ишга таклиф қилинганда, у сира иккиланмай рози бўлди. Сабаби, бошқа банкларга қараганда “Hamkorbank”даги тартиб, ходимларга бўлган эътибор ва меҳнатнинг қадрланиши ҳақида кўп эшитганди. Самарқанд филиали жамоаси сафига жуда тез қўшилди. Бек офис бошлиғи сифатида ўз тажрибаларига суяниб иш бошлади.
Асам ака банкдаги фаолиятининг ҳар бир кунини ҳамкасблари ва мижозлар ҳурматини қозониш учун синов сифатида қадрлади. Зиммасига юклатилган вазифага эътибор билан қаради, масъулият ва талабчанликни унутмади. Бу ўз-ўзидан уни соҳа фидойиси сифатида шакллантирди.
— Ёшлар “устоз” дея мурожаат қилганида масъулият юкини сезаман, — дейди суҳбатдошимиз. — Ахир иш ўргатишни, йўл кўрсатишни ўзи бўлмайди. Нотўғри маслаҳат билан бир инсонни йўлдан адаштириш, ҳаётини издан чиқариб юбориш мумкин. Хато қилиш осон, аммо уни тузатиш қийин.
Устознинг гапларида жон бор. Эндигина иш бошлаган ходимларга соҳа сирларини ўргатишдан аввал дўст тутинади, камчилиги бўлса биргаликда тузатади. Айниқса, мижозлар билан муомала қилишда ҳамкасбларини доим ҳушёр бўлишга чақиради.
— Асам ака билан кўп йиллардан буён бирга ишлаймиз, — дейди филиал ҳисобчиси Воҳиджон Эргашев. — Барчамиз унга суянамиз. Доим тўғри йўл кўрсатадилар. Исмини ҳам баъзида унутиб қўямиз. Чунки “устоз” дейишга одатланиб қолганмизда. Янги иш бошлаганда ҳамма ҳам қийинчиликларга дуч келади. Шундай кезларда Устоз ёшларни қўллаб-қувватлайди.
Мижозлар билан ишлаётган Асам Умировни кузатамиз. У ўз соҳасининг билимдони экани кўриниб турибди. Нимадандир кўнгли тўлмаган мижоз унинг кўрсатмаларини тўғри қабул қилди, иши битганидан хурсанд. Навбатдаги мижоз ҳам ишонч билан унинг ёнига борди…
Ҳа, Устоз деганларича бор. Бундай мартабага фақат меҳнатнинг ортидан эришиш мумкин.
Акбаржон НАЗАРОВ.

