ПЕНОПЛЭКС: қишда иссиқ, ёзда салқин

Ўзбекистонда қурилиш саноати йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Замонавий янги уй-жойлар, мажмуалар, ишлаб чиқариш объектлари қурилиши, мавжуд объектларни реконструкция қилиш ишларига “Teploizolyatsionnaya kompaniya” масъулияти чекланган жамияти ўз маҳсулотлари билан ҳисса қўшиб келмоқда.
Мазкур МЧЖ 2019 йилда саноати ривожланган Ангрен шаҳрида фаолиятини бошлаган. Корхонада иссиқлик сақловчи ва намлик ўтказмайдиган пластмасса (плиталар) маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳозирда ички бозордан ташқари, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Тожикистон республикаларидаги мижозларга ўз маҳсулотларини етказиб бермоқда.
— Дастлаб 14 нафар ишчи билан фаолият бошлаган корхонамиз­да айни пайтда 118 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган, — дейди корхона бош ҳисобчиси Абдурашид Абдувоҳидов.
Хорижий давлатлардан келтирилган дастгоҳлар қалинлиги 20-50 миллиметргача бўлган кўпикли полистиролдан юқори сифатли иссиқлик изоляцион ҳамда уй-жойларни қуришда фойдаланиладиган сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги линияни ишга тушириш имконини берди. Ушбу маҳсулотлардан пол остидан иситиш, фундамент ва деворларда фойдаланилади.
Корхона ривожланиш йўлида. Экспорт суръатини ўстиришга ҳаракат қилмоқда. Таҳлилларга қараганда, 2020 йилда 2 миллиард 854 миллион сўм ва 2021 йилда 24 миллиард 411 миллион сўмлик экспорт амалга оширилди. Жорий йилнинг ўтган даврида ишлаб чиқарилган 20 миллиард 750 миллион сўмлик маҳсулотнинг 3 миллиард 390 миллион сўмлиги четга сотилди. Бу икки баробарга ўсиш демакдир.
Жамият 2020 йилдан буён “Hamkorbank” АТБ Ангрен филиали хизматларидан фойдаланиб келмоқда. Айрим етакчи илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик институтлари билан ҳамкорликда саноат, агросаноат ва якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун комплекс энергия тежамкор тизим ечимларини ишлаб чиқмоқда. Барча пеноплэкс материаллари ва тизимлари иссиқ ҳудудлар учун мослаштирилган. Қишда иситиш, ёзда эса хонани салқин сақлашга ёрдам беради.

Абдували Кабиров.