“KELAJAK MAGISTRALI” — РИВОЖЛАНИШ ЙЎЛИДА
“DON ХОLМ” масъулияти чекланган жамиятига 2003 йил тадбиркор Дониёр Шаропов томонидан асос солинган. Дастлаб якка тартибдаги тадбиркор сифатида фаолиятини оҳак ишлаб чиқаришдан бошлаган Дониёр Шаропов кейинчалик пишиқ ғишт ишлаб чиқариш заводини юритди. Ундан кейинги хизмат турларига эса асфальт ишлаб чиқаришни қўшди.
Тадбиркорлигини ривожланиш йўлига олиб чиққан ишбилармон корхонани кенгайтириш, аҳолига янада кўпроқ маҳсулот етказиш устида янги лойиҳа яратди. Бу лойиҳа “DON ХОLМ” жамияти номи билан аталди.
Дастлаб ташландиқ ҳолда бўлган 5,5 гектар жойни сотиб олган тадбиркор завод қурилишини бошлаб юборди. Аввалига ўз маблағларидан фойдаланди. Заводни янада мукаммал ишлаб чиқаришга мослаштириш учун етмаган жойига “Hamkorbank”дан молиявий кўмак олди. Бино замонавий кўринишда қуриб битказилди.
Навбатдаги режа — ишлаб чиқариш ускуналар билан жиҳозлаш. Яна банкдан кредит маблағлари йўналтирилди. Мукаммал техника воситалари ва катта қувватга эга қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи йирик завод барпо этилди. Хўжаободлик ёшлар ишга олинди.
2013 йилга келиб “DON ХОLМ”нинг тармоғи янада кенгайиб, “Kelajak magistrali” МЧЖ ташкил қилинди. Эркинжон Шаропов завод директорлигига тайинланди. Унинг салоҳияти корхонанинг иқтисодий ривожланишида самара беришига ишонч билдирилди.
Республикамизда саноат ва уй-жой қурилишининг кун сайин ўсиб бориши қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни тобора оширмоқда. Ривожланиш йўлида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишни истовчи ҳар бир тадбиркор техника ва технологиянинг ўрни нақадар юксак эканини англамоқда. “Демак, ўзимизда мавжуд маҳаллий хом ашёлардан кенг фойдаланиш, маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш, уларнинг сифатини ошириш ва қурилиш материалларининг таннархини камайтириш, шунингдек, ускуналарни замонавий технологияларга алмаштиришдир”, дея фикр юритган корхона раҳбари “Hamkorbank” АТБ Хўжаобод универсал банк хизматлари офиси билан кредит шартномасини тузди.

Цемент, асфальт, бетон қоришма, бетон тўсиқлар каби 30 га яқин қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва йўллар ҳамда шосселар қуриш йўлга қўйилди. «Маҳсулот сифатли бўлса, харидорнинг ўзи келади», дейишганича бор экан. Хўжаободликлардан ташқари, қўшни Жалақудуқ, Булоқбоши ва вилоятнинг айрим туманларидан буюртмалар келиб туша бошлади. Юқори ҳажмда меҳнат ҳаракати бошланди. Буюртмаларни вақтида тайёрлаш, мижознинг ишончини қозониш — ишчи кучини ошириш, хом ашёни кўпайтириш талабини қўйди. Янги ишчилар қабул қилинди, самарадорлик ортди. Вақтида етказилган маҳсулот билан халқ ишончини қозонган жамоада иқтисодий ўсиш бошланди. Қўшни вилоятлардан ҳам буюртмалар келиб тушди. Бу қўшимча ишчи кучидан ташқари катта ҳажмда ишлаб чиқариш қувватига эга техникалар, оғир юк ташувчи машиналарга эҳтиёжни келтириб чиқарди.
— Биз ишлаб чиқаришда маҳсулотларни Ўзбекистон шароитига, яъни иқлимига мослигини ҳисобга оламиз. Тайёр бетон, асфальт ишлаб чиқариш, ички ва магистраль йўллар, кўприклар, кўп қаватли уйлар қуриш мақсадимиз. Зеро кўркам ва мустаҳкам иморатлар қурилишига ҳисса қўшаётганимиздан хурсандмиз. Маҳсулотларимиз халқимизга узоқ хизмат қилса, бу бизнинг ютуғимиз, — дейди иш юритувчи Шерзодбек Шаропов.
“Kelajak magistrali” МЧЖнинг мутахассислари, техник ва технологларидан тортиб ишчиларигача сифатга амал қилади. Бемалол айтиш мумкинки, завод янги авлод корхонаси, юқори технологияли ва экологик тоза иншоот сифатида келажаги порлоқ. 120 га яқин замонавий техникаларга эга заводга бу йил 30 нафар йигит ишга олинди. Яратилган шароитлар, транспорт, иссиқ овқат, дам олиш хоналари… Ижтимоий қўллаш, рағбат уларнинг самарали меҳнат қилишларини таъминламоқда.
Н. ЙЎЛДОШЕВА

