МИЖОЗ ДОИМ ЭЪТИБОРДА

“Hamkorbank” АТБ тизимида Нодирабегим филиали ўз ўрнига эга. Бош банк томонидан белгиланган режаларни ортиғи билан бажариб, юқори натижаларга эришаётган жамоанинг фаолияти эътиборли. Айниқса, мижозлар билан ишлашда ўзига хос мактаб яратилган. Ушбу саҳифа мазкур филиал фаолиятига бағишланди.


Бугунги кунда банк соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмокда. Тижорат банклари ўртасида эркин рақобат муҳити шаклланиб, банкларнинг самарали маркетинг сиёсатини амалга ошириш катта аҳамиятга эга. Зеро маркетинг орқали истиқболдаги режалар аниқлаб олинади.
Тижорат банкларининг асосий мақсадларидан бири кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш. Бу йўлда соҳаларни молиялашни изчил ривожлантириш, шунингдек, тўлов тизимини узлуксиз ва самарали амалга оширилишини таъминлаш катта аҳамиятга эга. Юқоридагилар банк ва мижоз ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.


Филиалимизда банк ва мижоз ўртасидаги муносабатлар «банк мижоз учун» қоидасига асосланган. Авваллари омонатчилар ва қарз олувчиларга банк маҳсулотларини таклиф қилиш орқали ўз бизнесимизни тузган бўлсак, эндиликда йирик корхоналар, кичик бизнес вакиллари, жисмоний шахслар ва бошқа турдаги мижозлар манфаатларига қаратилган хизматларнинг янги турлари жорий этилмоқда. Кўп йиллик мижозларни сақлаб қолиш баробарида уларнинг сонини оширишга ҳаракат қиляпмиз. Айни шу мақсадда уларнинг эҳтиёжларини қондириб, талабларидан келиб чиқиб, хизмат турларини таклиф этяпмиз.
Шу ўринда амалдаги йилнинг биринчи чорак натижаларига назар ташлайлик. Ҳисобот даврида барча йўналишлар бўйича белгиланган режа кўрсаткичларини ортиғи билан бажаришга эришдик. Жами кредит қўйилмаларини ўстириш 1734 фоизга, кредит қўйилмаларидан олинган даромад режаси 116 фоизга бажарилди. Ўз ўрнида чакана кредитлар қолдиғини ўстириш 161 фоиз, юридик шахслар валюта амалиётларидан олинган даромадлар режаси 121 фоиз, юридик шахслардан жалб қилинган маблағлар қолдиғини ўстириш 102 фоизни ташкил этди. Бу рақамлар ортида жамоанинг тинимсиз меҳнати, изланиши ва молия бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун қилинган ҳаракат ётади.


Жорий йилда филиалимизда чакана бизнес йўналишида банк маҳсулотлари сотувлари самарадорлигини ошириш ва филиал даромадида фоизсиз даромадлар улушини ошириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Буни амалга ошириш учун чакана бизнес бўлими ҳамда Олтинкўл, Юксалиш, Бизнес марказ банк хизматлари офисларида мижозларга тезкор ва сифатли чакана банк хизматлари амалга ошириляпти.
Шунингдек, корпоратив бизнес йўналишида банкка юқори салоҳиятли, йирик банк айланмаларига эга бўлган мижозларни жалб қилиш асосий вазифага айланган. «Андижонёғмой» АЖ, «Уз Коджи» қўшма корхонаси, «And gold tex group», «Inter trade electronics» ва «Милано глобал сервис» масъулияти чекланган жамиятлари янги мижоз сифатида жалб қилингани бунинг тасдиғидир.
Шу ўринда бугун барча ходимларимиз самарали иш олиб бораётганлигини айтиб ўтиш жоиз. Улар зиммасига юклатилган ҳар бир вазифани бажариш орқали эришилаётган ютуқларга муносиб ҳисса қўшмоқда..
Бир сўз билан айтганда, банкнинг нуфузи, шубҳасиз, мижозларга кўрсатилаётган xизмат сифати ва банкка ишониб топширилган маблағларнинг кафолатланганлигига боғлиқ. Бу борада биз ҳамма вақт мижоз томондамиз.
Камола УРУНОВА,
Ундирув хизмати бошлиғи-филиал бошқарувчиси ўринбосари.


“Қувноқлар ва зукколар”
Биз, албатта, ютамиз
Кейинги йилларда республикамизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Hamkorbank” тизимида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик танловини анъанавий равишда ўтказиб боришдан кўзланган мақсад ёш ходимларнинг қобилияти ва ақл-заковатини ошириш баробарида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш. Бу айни вақтда тенгдошларимизнинг иқтидорларини юзага чиқишига хизмат қилмоқда.


Филиалимизда ижодкор ва санъатга ошно ёшлардан иборат жамоа шаклланган. Жамоа сардори Даврон Турғунов ишда ҳам, тадбирларда ҳам фаол. Аҳмадилло Ибайдуллаев, Диёра Абдуллаева ва Муроджон Муҳаммаджоновлар ҳам давраларга файз киритади. Асосийси, улар кибр, адоват ва ёмонлик нималигини билмайди. Агар банк ходими бўлмаганида, актёр бўлишлари аниқ эди (ҳазил).
Яқин кунларда ўтказиладиган навбатдаги танловга қизғин тайёргарлик кўряпмиз. Саҳнага бугунги кун ёшларининг ҳаётини олиб чиқиш — бош мақсадимиз. Ҳаваскор актёрлар сифатида жамиятимизда учрайдиган айрим муаммо ва камчиликларни сатирик йўл билан кўрсатамиз. Ўз билимларимизни ошириш учун кўп китоб ўқияпмиз. Тадбир баҳона миямиз дам олади, ҳамкасбларимизга оз бўлсада, қувонч улашамиз
Жамоа аъзоси сифатида кўнглим тўқ. Биз, албатта, ғалаба қозонамиз.

Негина Аҳмедова.

Муаммога ўрин қўймаймиз
Кредит олувчи банкка мурожаат қилганда банк ва мижоз ўртасида тузиладиган шартнома талабларига амал қилишини билдиради. Бу амалдаги тартиб асосида қонунийлаштирилади. Бироқ айрим мижозлар вақт ўтиб, муаммоли кредит тўловчига айланишидан кўз юмиш қийин.
Илгарлари бундай ҳолат деярли бўлмасди. Пандемия даврида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар бу атаманинг кўпроқ ишлатилишига олиб келди. Бу биз учун ҳам муаммо.


Нима қилиш керак? Сабаб нимада? Ундирув билан шуғулланиш жараёнида саволга жавобни, аввало, кредит тўловчини ўрганишдан бошлаймиз. Қарздорлик асосан жисмоний шахсларда кузатилади.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бунинг бир неча омиллари бор. Айримлар иш жойини йўқотиш ҳисобига кредитни вақтида қайтара олмаса, айримлар саломатлигидаги муаммо туфайли имконият қила олмайди. Бу ҳолда уларни тушунамиз. Тўғри йўл кўрсатиб, керак бўлса, қўллаб-қувватлаймиз. Бироқ тўлов қобилияти бўла туриб, қарздорликни юзага келтираётган ёки турли ноқонуний ўйинлар сабаб боши берк кўчага кириб қолаётганлар ҳам йўқ эмас. Берил­ган молиявий кўмакни мақсадли ишлатмаслиги ҳам оғриқли.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз мижознинг ҳурматини жойига қўямиз. Биргаликда муаммони бартараф этиш учун курашамиз. Шу сабаб муаммоли кредитлар камаймоқда.
Шерали Хушназаров.