ЭКСПОРТ ДАРОМАД ДЕМАК
Тадбиркорлик ташаббус, изланиш ва янги ғоя демакдир. Қолаверса, иқтисодий жиҳатдан юксалиш йўли. Кейинги йилларда давлатимиз томонидан соҳага бўлган эътибор бизга қўшимча куч бағишламоқда. Буни ўз фаолиятимиз мисолида аниқ айта оламан.
Илгарлари хорижлик ишбилармонлар фаолиятига ҳавас билан қараганимиз бор гап. Ўз корхонасига эга бўлиш, катта даромад биз учун орзу эди. Бугун ҳаммаси амалга ошмоқда. Айниқса, хусусий сектор иштирокида саноат ва ишлаб чиқариш шунчалик тез ривожланмоқда. Хорижлик ҳамкорларнинг ишончи ҳам ортди. Бу ўз-ўзидан олдинга бошлайди. Озгина эътиборсизлик қилган ёки ўз устида ишламаган тадбиркор четга чиқиб қолиши аниқ. Шу сабаб биз ҳам бунга алоҳида эътибор қаратамиз. Янги лойиҳалар устида ишлаш доимий вазифамизга айланди.
Фаолиятимиз асосан матога ранг бериш ва гул босишга қаратилган. Бир қарашда бу оддий кўринсада ўзига хос мураккаблиги бор. Бозор талаби, мижоз таклифи, маркетинг асосий шарт. Дастлаб ички бозорда ўз ўрнимизни топдик. Даромадимиз ёмон бўлмасада, экспорт масаласида ўйландик. Чунки бу янада кўпроқ пул топиш асоси.
Хорижлик ишлаб чиқарувчиларнинг талаби биринчи ўринда сифат эканлигини ўргандик. Ва ўз маҳсулотларимизга бу борада талабни оширдик. Яна нарх борасида изландик. Тежамкор технологиялар билан ишлашга ўтдик.
Бугун тўла буюртма билан ишлаяпмиз. Россия, Белоруссия ва яна бир қатор давлатларда ҳамкорларимиз бор. Савдо уйларимиз орқали уларга рақобатбардош маҳсулотларимизни етказиб беряпмиз. 2021 йилда 9 минг тонна трикотаж материаллари сотилди. Бу аввалги йиллардагига нисбатан даромадимизни сезиларли даражада оширди.
Жорий йилда яна ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳаракатидамиз. Шу мақсадда Туркиядан сўнгги русумдаги қозон, гул босиш ва тўқув дастгоҳлари сотиб олдик. Натижада ортиқча энергия сарфи ва харажат камайди. Ҳозирда кунига 3 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.
Экспорт борасида тажрибамиз ошиб, хорижлик ҳамкорларнинг сафи кенгайиб боряпти.”Simex progress”, “Er-tex”, “Altus Tex” корхоналари билан 2022 йил учун шартнома имзоланди. Ўзбекистонда ҳам буюртмачиларимиз кам эмас. Тажрибадан келиб чиқиб имкон қадар йирик ва доимий ишловчи корхоналар билан ишлаш тарафдоримиз.
Шу ўринда бир нарсани айтиш ўринли. Юқоридагилар ўз-ўзидан молиявий масалага бориб қадалади. Бу борада муаммога ўрин йўқ. Ўз маблағимиз ва етмаган жойига банк кўмаги режаларимизни амалга ошишида қўл келмоқда. Беш йилдан буён “Hamkorbank”нинг Чилонзор филиали молиявий кўмакчимиз. Айни кунларда биргаликда янги лойиҳа устида ишлаяпмиз. Бу билан ишлаб чиқариш ҳажми янада ортади, қўшимча 100 та иш ўрни яратилади.
Иброҳимжон Алимов,
Тошкент шаҳридаги “Orange nextile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари.