ИМКОН ВА САМАРА

Ҳазорасп туманидаги “Ҳазорасп нурли жилоси” оилавий корхонаси бундан беш йил илгари ўз фаолиятини бошлаган. Дастлаб уч киши ишлаган корхонада бугунги кунга келиб 20 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Асосан “Темир дафтар”да турувчилар ишга олинган, яна касаначилик асосида ишловчилар ҳам бор. Улар томонидан тайёрланган 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги кўрпа ва ёстиқлар доим харидоргир.
— Бозор талабидан келиб чиқиб фаолиятимизни янада кенгайтиришни истардик, — дейди корхона раҳбари Умарбек Қурбонбоев. — Бироқ, моддий томондан имкониятимиз йўқ эди. 2019 йили “Hamkorbank” АТБнинг Ҳазорасп филиалига айни шу масалада мурожаат қилдик. Адашмаган эканмиз, банк ходимлари бизни қўллаб-қувватлашини, лойиҳамизни ривожлантириш таклифини билдирдилар. Шу-шу ҳамкорлигимиз бошланди. Берил­ган кредит маблағи ҳисобига янги дастгоҳлар, хомашё сотиб олиб фаолиятимизни кенгайтирдик.


Кўрпа-ёстиқ буюмларини ишлаб чиқариш ҳар доим долзарб ва даромадли бўлиб келган. Бунга сабаб соғлом уйқу барча учун муҳим бўлган ҳаётий эҳтиёж. Айниқса, ёш оилаларда бундай маҳсулотларга талаб катта. Ички бозор орқали кунига 200 дона сифатли, тайёр буюмлар эгаларига етказилмоқда. Даромад ҳам шунга яраша ўсиб боряпти.
Мазкур корхона маҳсулотларининг нархи у қадар баланд эмас. Сабаби ҳамма иш замонавий компьютерлашган технологиялар орқали амалга оширилади. Қавиш машиналари юқори самарадорликка эга, тежамкор ва ишончли ускуналардир.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичи яна 10 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Бу билан қўшимча иш ўринлари ҳам яратилади. Асосийси, даромад ошади. Буларнинг барчаси тадбиркорлар учун яратилган имкониятлар самарасидир.

Назрулло Ҳамраев,

Бекзод МУТАЛЛИБОВ, олган суратлар