“HAMKORBANK” БИЛАН БАХТЛИМАН”

— Алло, ассалому алайкум. Бу Муборак опами?
— Ҳа, менман, — деган мулойим овоз эшитилди нариги томондан.
Товуш оҳангидан дарҳол танидим. Ҳа, бу ўша қўрғонтепалик “Hamkorbank” фахрийси Муборак Турғунбоева. У билан фахрийларнинг ал- Фарғоний дам олиш уйига уюштирган саёҳат давомида танишган эдим. Опага мақсадимни билдирдим, учрашув жойини белгиладик. Қаҳрамоним айтилган вақтда етиб келди.
“Узр, иссиқда юролмайман, яқинда шифохонадан чиқдим, шунга салқинроқда гаплашайлик деди”, — хижолат чеккандек бўлиб опа.
Суҳбатимиз шундай бошланди.

Саратон ҳамла қилди


2019 йилда соғлигим ёмонлашди. Текширувлар менга саратон ташхисини қўйди. Шундан кейин бир оёғим онкология шифохонасида бўлиб қолди. 6 марта кимётерапия муолажасидан сўнг жарроҳлик амалиётини бошдан кечирдим. Даво чоралари ўз натижасини бериб, ҳаётга қайтдим. Аммо шу йилнинг бошида ўзимда ўзгариш сездим. Текширтирсам, ўсма яна бош кўтарибди. 6 курс кимётерапия қабул қилдим. Мана, ҳозир анча тетикман.
Биласизми, менга шундай оғир пайтда “Hamkorbank” ва у яратган муҳит далда бўлди. Қўрғонтепадаги ҳамкасбларим ва Бош банкдаги ходимлар тез-тез ҳолимни сўраб турди. Даволанишим учун маблағ ажратди. Уларнинг меҳр-оқибатидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Балки, мана шу эътибор касалликни енгишимда муҳим роль ўйнагандир.
Бемор пайтимда далда бўлган, куч берган барча яхши нарсалар, ўйлаб қарасам,“Hamkorbank” билан боғлиқ экан. Ҳамкасбим Ирода Ғофурова саратонга йўлиққанимни эшитгач, ҳар томонлама ёрдам кўрсатди. Буларнинг барчасига покиза туйғулар, жамоадошликнинг қадри баланд турувчи даргоҳда ишлаганимиз ва у ерда орттирган тарбиямиз сабаб бўлди, деб ўйлайман.

16 йиллик қадрдоним

Бундан 23 йил аввал “Hamkorbank”нинг Қўрғонтепа филиали ходимига айланганман. Илк бор пул ўтказмалари бўлими очилганда биринчи оператор сифатида иш бошладим. Банкимизнинг “Қорасув”, “Хонобод” шохобчаларида фаолият юритдим. Ишимни жуда яхши кўрар эдим. Фаолиятим пул ўтказмалари айни ривожланган даврга тўғри келган. У пайтда халқаро ўтказмани фақат нақд пулда олиш мумкин эди. Ҳозиргидақа онлайн ўтказмалар бўлмаган. Ҳужжат ишларини қўлда бажариб ҳам бир кунда 200 нафар мижозга хизмат кўрсатардим. Мижозларнинг навбат кутиб турганини кўриб, баъзида тушлик ҳам қилмай қўяверардик.
Ҳозир кўча-куйда юрсам кўпчилик таниб, ҳол сўрайди. Банкдаги 16 йиллик фаолиятим давомида минглаб одамларга чеҳрам таниш бўлиб қолган.

Мақтанадиган ўтмишим бор

Вужудимни оғир дард таъқиб қилаётган бўлса ҳам бахтлиман. Негаки ўтган кунимдан афсусланмайман. Чиройли хотиралар билан яшаяпман. 2014 йил нафақага чиқдим. Лекин амалда ҳануз Қўрғонтепа филиалининг ходимиман, қолаверса, биринчи ва ягона пенсионериман. Ҳеч қайси байрам менсиз ўтмайди. Ишхонага бориб қолсам, қучоқ очиб кутиб олиб, ҳурмат билан кузатиб қўйишади. Нафақадаги ходимини ҳам эътибордан четда қолдирмайдиган яна шундай ташкилотни биласизми? Менимча, бу борада “Hamkorbank” ягона бўлса керак.
Шукр, 3 нафар фарзандим, 7 нафар набирам, 80 ёшга кирган онам бор. Яқинда шифохонадан чиқиб, тўғри ота эшигимга бордим. Бир неча кун кекса онамнинг ўзи парваришлади мени. Оналар учун ҳамиша бола бўлиб қолаверар экансиз.
Нолимайман, ҳаётимда мазмун мужассам. Яқинларим билан куним қандай ўтганини билмай қоламан. Қолаверса, ҳамиша ортимда тоғдек турган жонажон банким, оқибатли жамоам борлиги катта куч бағишлайди.
Нигора МИРОЛИМ қизи
ёзиб олди.