БОБУР ҲАҚИДА 10 ТА ФАКТ
Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор шахс бўлган. У санъатни, адабиётни севган, ҳаёт нафосатидан лаззатлана билган. Бобурнинг Ҳиндистонга келиши туфайли Ҳиндистонда буюк ўзгаришлар содир бўлди, ҳаётда, санъатда, меъморчиликда ва маданиятнинг бошқа соҳаларида ўзгача гўзал тараққиёт юз берди.
Жаваҳарлал Неру.
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин вакилларидан биридир. Бобур ҳақида инглиз олими Уильям Эрскин шундай деган эди: «Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди».
Бобур Мирзо таваллуди арафасида буюк олим ва саркарда ҳақида энг муҳим 10 та фактни ёдингизга соламиз:
- Бобурнинг отаси — Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси — Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди.
- Асл исми — Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан «Бобур» («Шер») лақабини олади.
- Отаси Ахсида — 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг катта фарзанди, 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида тахтга ўтиради (1494 йил июнь).
- Бобур Афғонистонда «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгоҳлар ташкил этган.
- Бобурнинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон ва Ҳиндол исмли фарзандлари Кобулда туғилган.
- Бобур 1526 йил апрелда (43 ёшида) Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лодийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Орадан кўп ўтмай, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам зафар қозониб, Шимолий Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради.
- Бобурнинг «Мубаййин» асари маснавий тарзида ёзилган бўлиб, Ислом ҳуқуқшунослиги ва шариат ақидаларига бағишланган.
- «Бобурнома» воқеалари Андижон, Самарқанд, Хўжанд, Ҳиротдан бошлаб Кобул ва Аграгача бўлган қамровга эга. Унда Ўрта Осиёдан бошлаб Ҳиндистонгача бўлган масофадаги деярли 50 йиллик воқеалар ҳаққоний ифода ва баҳосини топган.
- Бир неча муддат олдин подшоликни Ҳумоюнга топширган Бобур 47 ёшида ўзи асос солган салтанат пойтахти Аграда вафот этди ва ўша ерда дафн этилди, кейинчалик (1539 й.), васиятига мувофиқ ҳоки Кобулга келтирилиб, ўзи бунёд эттирган «Боғи Бобур»га қўйилди.
- Бобур асос солган сулола Ҳиндистонда уч ярим асрга яқин ҳукм сурган.