Синовлар ортда қолди
Бу давр жамоамиз учун муболағасиз синовли йиллар бўлди. Мижоз жалб қилиш ва уларнинг ишончини қозониш, иқтисодий юксалиш, рақобатбардошлик… Ҳаммаси изланиш, тинимсиз меҳнат талаб қилди. Чунки фаолиятини бошлаганига 30 йилдан ошган “Hamkorbank” республикада ўз имижига эга. Хоразмда ушбу банкнинг нуфузини сақлаб келаётганимиз биз учун фахрли. Банк томонидан яратиб берилган шароитлар бизга сидқидилдан ишлаш, касбини севиш иштиёқини бермоқда.
Иқтисодий ўзгаришлар, банк тизимини ривожлантириш, социал масалалар ечимини топиш, аҳоли фаровонлигига ҳисса қўшиш каби жараёнларда ҳамкасбларимиз тобланди. Фахрланишга арзирли муваффақиятлар билан йиллар ошиб келаётган Хоразм минтақавий БХОнинг бугунги кунда салоҳияти юксалди. Масалан, 2019 йилда “Мижоз жалб этишда энг самарали филиал” ва 2020 йилда “Мижозларга энг сифатли хизмат кўрсатган жамоа” сифатида эътироф этилдик. Кейинги йилларда ҳам бу каби муваффақиятлар кўп бўлди. Беҳзод Фозилов, Сарвар Артиқов, Умрбек Бекчанов, Элдорбек Раҳмонов каби ҳамкасбларимизнинг ютуқлари билан илғорлар сафига кирдик. Улар ишда тиришқоқлиги, изланувчан ва меҳнатсеварликлари билан ўрнак бўлиб келяпти.
Жамоанинг иқтисодий ҳамнафас мижозлари борки, ҳамиша ёрдамга шай. Эзгу мақсадларимизни рўёбга чиқаришда “Тилло домор” хусусий корхонаси, “Хorazm qandolat”, “Хоразм газ метан”, “Аfsona urganch” масъулияти чекланган жамияти каби 10 дан ортиқ йирик ҳамкорларимиз биз билан бир сафда боряпти.
Дастлаб 18 нафарни ташкил этган ходимлар сони айни пайтда 45 нафарга етди. 750 га яқин юридик ва 6500 дан зиёд жисмоний мижозлар базаси шаклланди. Аҳолига кредитлар, омонатлар, пул ўтказмалари каби 50 дан ортиқ замонавий банк хизматларини кўрсатиб келмоқдамиз. Меҳнатдан кейинги роҳат жамоага ҳузур бағишлайди. Буни муассасамиз ташкил топганининг беш йиллигига бағишланган тантаналарда яна бир бор ҳис қилдик. Жамоамиз билан астойдил меҳнат қилиб, бунданда юқори натижаларга эришамиз.
Азамат АТАЖАНОВ,
Хоразм минтақавий банк хизматлари офиси бошқарувчиси.