ЯНГИ ЮТУҚЛАР ЙЎЛИДАМИЗ

Инсон қандай касб эгаси бўлмасин, аввало, ўз ишини севиши керак. Шунда фаолиятида юзага келадиган қийинчиликларни ҳам енгиши осон кечади. Айтмоқчи бўлганим, талабалик давримдан “Hamkorbank”да ишлашни орзу қилардим. Олийгоҳни тамомлагач, маълум вақт бошқа соҳаларда ишладим. Шунга қарамай кўнглимдаги истак менга тинчлик бермасди.
Бундан бир йил аввал ушбу молия муассасасида танлов ўтказилаётганини эшитиб, ўзимда ишонч ҳосил қилдим. Ҳали суҳбатдан ўтмай туриб жамоа ҳаётини ўрганишни бошладим.
Ҳаммаси ниятга, ҳаракатга боғлиқ экан. Омадим келиб ишга қабул қилиндим. Ходимлар билан ишлаш вазифаси зиммамга юклатилди. Соҳанинг сир-асрорларини ўрганиш баробарида ҳар бир ходим билан тиллашиш, улар руҳиятини тушуниш осон эмас.
“Hamkorbank”да яратилган кадрлар мактаби, устозлар кўмагидан куч олдим. Бугун ўз вазифамни бажаришда қийинчилик менга бегона. Бундай кучни ушбу ташкилот нуфузи ҳам берди, десам муболаға бўлмайди.
Банкимиз эришаётган ютуқлар ҳақида эшитганда қувончим янада ортади. Унинг келажагини юксакларда кўраман. Шаҳрисабзда янги ташкил этилган бўлишига қарамай бизнинг муассасамиз молия бозорида ўз ўрнини топмоқда. Кичик ютуқлар ҳам жамоамизни янги марраларга бошламоқда. Мақсадимиз-мижозлар ишончини қозониш баробарида иқтисодий юксалиш.

Мўътабар Темирова,
Шаҳрисабз универсал банк хизматлари офиси ходимлар билан ишлаш менежери.