ОТА-ОНА ДУОСИ ТАДБИРКОРГА ТАЯНЧ

Асакалик ёш тадбиркор Алишер Қосимов тиниб-тинчимас йигит. Замон билан ҳамнафас қадам ташлайди. Салгина бепарволик ёки лоқайдлик қилса аниқки, ҳаётдан ортда қолади. Ёш тадбиркор билан суҳбатлашиш мақсадида у асос солган “Солиҳа шифо” тиббий диагностика марказида бўлдик. Унинг болалик хотиралари билан қизиқдик. Марказ­да онаси Салима ая кутиб олди.

— Назаримда барча оналар фарзандининг ютуғи билан қувонса керак. Мақтанишга йўйманглару тўрт дилбандимнинг тўнғичи шу Алишерим уддабурон чиқди. Кичиклигидан рўзғор ташвишларини елкасига олган, меҳнатдан қочмайдиган бўлиб ўсди. Одоб-ахлоқи билан хурсанд қилди. Халқимизда “катта арава қаёққа юрса, кичиклари ҳам шу йўлдан юради”, деган гап бор. Кичикларим ҳам акасининг йўлидан юриб, кам бўлишмаяпти, дуои­мизни олишяпти. Дадаси иккимиз шукур келтириб яшаяпмиз.


Болаларим ёш, турмуш ўртоғимнинг иши юришмаган пайт­лар эди ўшанда. Шарф ва пайпоқ тўқиб маҳалламиздагиларга сотиб баҳоли қудрат рўзғоримга ҳиссамни қўшардим. Секин-секин уларни бозорга олиб бориб сота бошладим. Алишер эпчил, чаққон, доим ёнимда юрарди. У ёнимда бўлса ўзимни кучли сезардим. Бир куни бироз тобим қочиб қолди. Алишер ёлғиз ўзи Қорасув шаҳрига бориб, нарсаларни сотиб, пул топиб келган. Ке­йинчалик ўша бозордан туриб Бишкекка маҳсулотларимизни чиқариб, пул топа бошлади.
Мана шу бозор Алишер Қосимов учун чинакам тадбиркорлик эшикларини очди. 17 ёшида якка тартибдаги тадбиркорлик гувоҳномасини олиб, мустақил иш бошлади. Дастлаб қурилиш моллари дўкони очди, кейинчалик уни кенгайтириб, уй-рўзғор учун зарур бўлган маҳсулотлар сотувини йўлга қўйди. Биринчи галдаги фойдасига ота-онаси кўмагида янги уй қурди. Савдо ҳажмини кун сайин орттириб борди. Бирин-кетин кўчмас мулкларни қўлга кирита бошлади. Болаликдаги қийинчиликларини меҳнати билан бартараф этишга астойдил киришди.
—Болалигимда катта завод, меҳмонхона қуришни ният қилгандим, кўплаб иш ўринлари яратиб, ҳамшаҳарларимни иш билан таъминлаш ниятида эдим. Бироқ фикрим ўзгарди. Ота-онам тиббий маскан оч, беморларни даволасанг, муҳтожларга кўмак берсанг, одамларга кўпроқ нафинг тегади, деганларидан ке­йин “Солиҳа шифо” тиббий диагностика маркази фаолиятини йўлга қўйдим.
Айни пайтда оилавий шифохона асакаликлар хизматида, 120 ўринга мўлжалланган, барча шароитлар мавжуд. Замонавий тиббий анжомлар билан таъминланган бўлсада, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар талайгина.
Ўн бор олинган кредит маблағлари эвазига савдо ва тиббий марказдан ташқари бинонинг 4-қаватида ўзи орзу қилган меҳмонхона ташкил қилган Алишер Қосимовнинг бир ойлик айланма маблағи 3 млрд. сўмгача етди. Тадбиркор сифатида ўз ўрни, мавқеига эга, ота-онаси орзуларини ушалтиришга астойдил киришган. Қурилиш материаллари дўконига дадаси ва укаси масъул.­ Диагностика марказини онаси бошқаради. Кўнгли тўқ, доим уларга суянади, бахти, омади ота-онаси дуосида эканига қаттиқ ишонади.
—Тиббий марказ очишнинг ўзи бўлмагандир?
— Албатта. Маблағлари­мизни шу икки лойиҳага сарфладик. Етмаган жойида “Hamkorbank” АТБнинг Асака универсал банк хизматлари офисининг кўмаги катта бўлди. Қачон иқтисодий эҳтиёж сезсак, мана шу молия ташкилотидан ёрдам оламиз. Ҳозирда “Ҳамкор поворит” масъулияти чекланган жамиятимиз жамоаси янги режалар устида ишламоқда.
Кундузи каттароқ чироқ ёниб турганда ҳам унинг ёруғи унчалик сезилмайди. Тунда кичик шам ҳам зулматни ёритиши мумкин. Инсон кўнглини орзу-мақсадлар обод қилади, болаликнинг сеҳрли олами айнан шундай туйғулар замиридаги меҳнат билан гўзалдир. Буни асакалик тадбиркор мисолида кўриш мумкин.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА