КАТТА ЮТУҚЛАРИМИЗ ОЛДИНДА

Банк тизими иқтисодиётимиз­нинг тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб, хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлашда катта рол ўйнайди. Рақобат кескин ортган бугунги кунда ҳар қандай молия ташкилоти ўз фаолиятини замонавий асосда йўлга қўйиши лозим. Чунки, айнан молия бозорида муносиб ўрин эгаллаш кўрсатиладиган хизматларнинг замонавийлиги, тезкорлиги ва мижозга қай даражада йўналтирилганлигига боғлиқ. Бу борада, айтиш мумкинки, “Hamkorbank”да ҳаммаси замон талаби даражасида йўлга қўйилган.


Ўз фаолиятини 2022 йилда бошлаган бизнинг банк хизматлари офисимиз энг ёш банк муассасаларидан. Биринчи кундан тизимда яратилган тажрибалар жамоамиз учун ривожланиш йўлига айланди. Дастлабки бир йил шаклланиш, ўрганиш ва ўз мижозларимизга эга бўлиш даври бўлди. Бу борада Бош банкнинг кўмаги қийинчиликларни енгишимизга йўл очди.
Ҳар қандай жамоанинг кучлилиги ходимларга боғлиқ. Шу маънода бизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, танлов асосида ёш, изланувчан ва ишга замонавий ёндоша оладиган кадрлар қабул қилинди. Қисқа вақтда улар билан турли банклар мавжуд бўлган ҳудудда ўз ўрнимизни топмоқдамиз, десам муболаға бўлмайди.
Айни вақтда 150 дан ортиқ юридик ва 1000 га яқин жисмоний шахслар бизни танлаб, ҳамкорликда ишламоқда. Уларга кириб келишидан аввало, яхши муомалада бўлиш шарт сифатида белгиланган. Айниқса, биринчи бор БХОга келган мижозларга алоҳида эътибор қаратилади. Шундан бўлса керак банкимизга бўлган қизиқиш ортмоқда.
Шу ўринда Элдор Сайфуддинов, Соҳиб Тавбоев, Нўъмон Жўрабоев ва Наргиза Элмуродова каби ходимларимиз номини тилга олиш ўринли. Жамоанинг биринчи ходимлари сифатида бор билим ва тажрибасини мижозларга қаратмоқда. Мижозни кутиб ўтириш улар учун бегона. Банкдан ташқарига чиқиб, янги мижозларни жалб этишга ҳаракат қиладилар. “Хизматларимиз мижоз учун!” деган чақириқ жамоамизнинг бош шиорига айланган.
Мақсадимиз чакана банк хизматлари кўрсатишни стандартлаштириш ва универсаллаштириш, яъни, мижозларга бир вақтнинг ўзида барча стандартдаги хизматлар кўрсатиш бўйича қулайликларни жорий этиш. Бу борада бошқа БХОлар тажрибасини ўрганиб боряпмиз. Натижалар кўнгилдагидек. Амалдаги йилнинг 9 ойлик якунида жами корпоратив бизнес кредит қўйилмалари режаси 107.3 фоизга, микрокредитларни ўстириш режаси 141 фоизга, халқаро тўловлардан олинган даромадлар режаси 307 фоизга бажарилди. Бошқа йўналишларда ҳам қувонарли натижаларга эришилди.
Умуман олганда, биз изланишдамиз. Катта ютуқларимиз ҳали олдинда.

Сардорхўжа ҲУСАНОВ,
Сергели банк хизматлари офиси корпоратив хизматлар бўлими бошлиғи.