ИЗЛАНИШДАН ТЎХТАМАЙМАН
Хондамир ИНОЯТОВ,
“Йилнинг энг яхши КХБ менежери” номинацияси ғолиби.
Имом ал-Бухорий таваллуд топган қишлоқ – Қоракўлда туғилганман. Қишлоғимиздан кўплаб таниқли инсонлар етишиб чиққан. Болалигимда уларга ўхшашни, жамиятда ўз ўрним бўлишини истаганман. Онам ўқитувчи, отам ҳуқуқшунос бўлган. Мактабни муваффақиятли тугатиб, олий таълим олишимда уларнинг роли катта.
Эсимда, 2012 йилда Тошкент молия институтини тамомлаш арафасида “Hamkorbank”нинг бир гуруҳ вакиллари биз билан суҳбат ўтказганди. Шунда ўқишни тамомлагач банкда ишлаш таклифини олганман. Ҳозирда ушбу банкнинг турли ҳудудларида бирга ўқиган 30 га яқин йигит – қиз фаолият юритамиз. Бу қадрдонларнинг дийдорлашуви учун ҳам имконият.
Институтни тамомлаган, назарий билимларга эга бўлсамда ишга келганимда ҳали кўп нарса билмасдим, тажрибам етишмасди. Ҳар қандай соҳада тажриба тўплаш ва ишончни қозониш учун йиллар керак экан. Дастлаб Бухоро минтақавий банк хизматлари офисининг Қоракўл БХОсида оддий кассир бўлиб ишладим. Бу жойда ўтган икки йил мен учун катта мактаб вазифасини ўтади. Қоракўл аҳолисига банк хизматларини кўрсатиб, уларнинг маънавий ҳаётида иқтисодий кўмак бердим. Кейинчалик Ташаббус, Жондор мини банк бошлиғи бўлдим. Банкнинг мураккаб операцияларини билмаганлигим боис мижозим унча кўп эмасди. Ўша кезларда Бухоро бозорларида юриб мижоз жалб қилишга ҳаракат қилдим. Уринишларимга қарамай уларнинг сонини кўпайтириш осон бўлмаган.
Изланишдан тўхтамадим, тажрибамни оширдим. Сайиджон Шамсиддинов, Алишер Мухтаров, Бобур Шабаев каби тажрибали иқтисодчилардан банк сирларини ўргандим. Ҳамкасбларимнинг барчасидан нимадир олишга интилдим. Ҳозирда Бухоро минтақавий БХО корпоратив хизматлар бўлими етакчи менежериман. Ўз имижига эга “Hamkorbank”нинг салоҳияти, қолаверса, изланишларим, меҳнатларим туфайли ҳозирда кредит йўналишида энг мижози кўп ходимга айландим.
Алоҳида эътироф этишим жоиз, банкда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ишлашлари учун барча шароитлар яратилган. Мен каби ҳар бир ходим бундай имкониятдан фойдаланади.
Инсон изланишдан тўхтамаслиги, фаолиятидан қониқиш ҳосил қилмаслиги керак менимча. Агар шундай ҳолатлар бўлса, у изланмай қўяди, ўқишдан, ўрганишдан тўхтаб қолади. Иқтисод илмининг чеки йўқ, у чегара билмас. Бу мукофот мен учун янги куч, масъулият демакдир. Келажакда янги-янги муваффақиятларни қўлга киритишим, халқим фаровон турмуши учун астойдил меҳнат қилишим зарур.