ICBC ҚИРҚ ЁШГА ТЎЛДИ
ХХР Компартияси Марказий қўмитасининг 1978 йил декабрда ўтказилган ялпи мажлисидан кейин молия тизимини ислоҳ қилиш жараёни қизғин тус олди. Марказий банк мақомига эга “Халқ банки” ўз ваколатини сақлагани ҳолда, йўналишларда бўлиниш юз берди. Саноат ривожини кредитлаштириш ва депозитларни қабул қилиш мақсадида алоҳида банк ташкил қилинди. 1984 йилнинг 1 январида фаолиятини бошлаган Хитой саноат ва тижорат банки (ICBC- Industrial and Commercial Bank of China)га “Халқ банки”нинг барча ҳудудий бўлинмалари ўтказилди. Дастлабки ўн йилликда банкнинг асосий кўрсаткичлари йилига 20 фоизга ортиб борди ва иқтисодий-молиявий қуввати мустаҳкамланди.
Эндиликда мазкур банк Чин юртидаги энг нуфузли молиявий муассасалар “Катта тўртлиги”да асосий ўрин тутади. Дунёдаги энг йирик банклардан саналган мазкур муассасанинг активлари юқори даражада ўсиб борди, бозор капитали 242 миллиард долларни ташкил этади ва бу кўрсаткичлар туфайли дунёнинг энг бадавлат банклари орасида пешқадам саналади.
2005 йилнинг октябрида ICBC масъулияти чекланган ҳиссадорлик жамиятига айлантирилди. Бунинг самараси ўлароқ, бир йил ўтгач банк акциялари Шанхай ва Гонконг фонд биржаларидан жой олди. Goldman Sachs Investment Group гуруҳи банкнинг стратегик инвестори этиб танланди ва у томонидан банк акцияларига 3,78 млрд. доллар йўналтирилди.
2006 йилнинг октябрида банк акциялар жойлаштириш бўйича биринчи таклифни ўтказди. Айтиш жоизки, у кутилганидан ҳам яхши самара берди. Рекорд даражада — 22 миллиард доллар (IPO бўйича дунё тарихида энг йирик) жалб этилиб, 48,4 миллиард долларлик акция жойлаштирилди.
Нуфузли Forbes журнали томонидан ҳар йили эълон қилинадиган “Global 2000” рейтингида энг йирик давлат компаниялари рўйхатига кейинги ўн йил давомида муттасил бошчилик қилиб келяпти. 2022 йилда мазкур рейтингда иккинчи, ўтган йили учинчи қаторга тушиб қолсада, молиявий томондан мавқеи баланд.
Фаолиятининг иккинчи ўн йиллигида ICBCнинг ихтисослаштирилган давлат банкидан тижорат давлат банкига қайта ташкил этилиши катта аҳамият касб этди. Бундан мақсад муддати ўтган кредитлар улушини камайтиришдан иборат.
Бир вақтнинг ўзида хорижий мамлакатларда компаниянинг шуъба корхоналарини очишга киришилди. 2007 йилда Москвада юз фоиз хориж сармояси билан шакллантирилган “Хитой савдо-саноат банки” рўйхатдан ўтказилди (2017 йилдан Ай-Си-Би-Си банк деб номланди). 1999 йилда Люксембургда очилган шундай корхона кейинчалик — 2011 йилда Европа минтақавий штаб-квартирасига айланди. 2008 йилдан бошлаб АҚШ, Испания, Покистон, Қувайт, Туркия каби мамлакатларда ҳам ICBCнинг шуъба тармоқлари иш бошлади. Умуман олганда, банкнинг хориж давлатлардаги тармоқлари 49 мамлакатда жойлашган 426 ташкилотни ўз ичига олади. Бундан ташқари Африка қитъасидаги яна 20 та давлат билан ҳамкорлик асосида молиявий хизматлар йўлга қўйилган. 2022 йил охирига келиб ICBCнинг мобиль банкидан фойдаланувчилар сони 500 миллион кишига етди.
Айтиш жоизки, жорий йилда 40 ёшга тўлган ICBCнинг Хитойда тутган ўрни салмоқли. У мамлакат банк секторининг бешдан бир қисмини назорат қилади. 2022 йил охирига келиб, банк бўлимлари сони 16,5 мингдан ортди ва уларда 427 минг нафардан зиёд ходим меҳнат қиляпти.
ICBC директорлар кенгашига 2019 йилдан Чэнь Сыцин раҳбарлик қилиб келяпти (аввал Bank of China раиси ва президенти бўлган). 2020 йилдан эътиборан Ляо Линь банк президенти (илгари China Construction Bankнинг вице-президенти ва молиявий хавф бўйича директори эди) лавозимида иш олиб бормоқда.
Ҳалимжон ТОҲИРОВ
тайёрлади.