ВИРУСЛИ ИНФЕКЦИЯЛАР МАВСУМИ БОШЛАНДИ

Куз-қиш мавсуми совуқ об-ҳавоси, ёғинли кунлари, грипп, томоқ оғриғи каби касалликлари билан ўзига хос. Дарҳол шамоллаймиз, кўзимиз ёшланиб, аксирамиз, йўталамиз. Бу қайсидир маънода эпидемияга ҳам сабаб бўлади. Чунки совуқ кунлар ўзи билан бирга ўткир респиратор вирусли инфекция­ларни олиб келади. Ушбу касаллик эса иммун тизими заиф кишиларга таҳдид қила бошлайди.
Вируслар асосан томоқ ва бурунда жойлашади. Агар сизда вирусли инфекция бўлса, тана ҳарорати ошиши, томоқ оғриғи, титроқ, йўтал, бош оғриғи, бурун оқиши, тана зирқираши, умумий ҳолсизлик каби белгилар юзага келади.

Касаллик қандай юқади?
Бу касаллик инсонга ҳаво томчи йўли орқали юқади. Масалан, йўталганда, аксирганда вирусли томчилар ҳавога тарқалади. Нафас олинганда бу томчилар осонгина организмга юқиши мумкин. Вирус­ли томчилар мебеллар, жиҳозлар ёки бошқа буюмларнинг сиртига тушганда ҳам атрофга тарқалади. Чунки сиз буюмнинг сиртини ушлагандан ке­йин шу қўлингиз билан оғиз ёки кўзингизга тегсангиз, инфекцияни юқтириб оласиз.
Шунинг учун касаллик симп­томлари кузатилганда бемор бошқалар билан масофа сақлаши керак. Қўлни камида 20 сония ювиш талаб этилади. Аксирганда бурунни дастрўмол билан тўсинг. Пиёла, қошиқларни алоҳида қилинг. Шунда яқинларингизни касаллик хавфидан ҳимоя қилган бўласиз.

Даволаш жуда муҳим
Ўткир респиратор вирусли инфекциялар комплекс даволанади. Қачонки, томоқ, оғиз, бурун биргаликда муолажа қилинса, натижага эришилади. Фақат битта аъзони даволаш етарли самара бермайди. Кўпчилик томоғи оғриса, йўталса ёки бурнида муаммо кузатилса, ўз билганича даво усулларини қўллайди. Бу нотўғри. Чунки касалликни ўз вақтида тўғри даволамай ўтказиб юбориш ёмон оқибатларга олиб келиши, ҳатто ўлим билан якун топиши мумкин.
Унутманг, антибиотиклар вирусларни ўлдирмайди. Шундай экан, грипп ёки бошқа вирусли инфекцияларда антибиотик билан даволаш тўғри усул эмас. Энг тўғри йўл — шифокор кўрсатмаси асосида даволаниш.

Яхшиси, олдини олинг
Вируслар шу даражада айёрки, доимо тиббиётдан олдинда юради. Масалан, грипп штампи ҳар йили мутацияга учрайди ва ўзгаради. Бу дегани бу йилги гриппга қарши препаратлар кейинги йилдаги вирусни бартараф эта олмаслиги мумкин. Мутахассислар янги грипп штампига қарши препарат яратиб, клиник синовдан ўтказгунча вақт ўтиб кетиб қолади. Оддий аҳоли эса буни билмаган ҳолда қайсидир кукун ва дориларни мунтазам қўллайверади. Аммо бу керакли натижани бермайди. Шунинг учун энг тўғри йўл — вирусдан ҳимояланиш. Ҳимоя чоралари орасида самарали усуллардан бири — вакцина. Вакцина касаллик авж олишдан бир ой аввал муддатда қабул қилинса, самарадор бўлади. Яъни вакцина сентябрь-октябрь ойларида олинса, ноябрь ойига бориб, организмда иммунитет ҳосил бўлиб улгуради.

Шерзодбек АЛИБЕКОВ,
умумий амалиёт шифокори