ЧИЛИМ ЧЕКИШНИНГ ЗАРАРИ

Бугун чилим (кальян) чекиш кўплаб инсонлар, айниқса, ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. Аксарият кишилар уни саломатлик учун мутлақо зарарсиз деб ўйлайди. Бироқ унинг ортида қандай хатарлар, соғлиқ учун салбий оқибатлар борлигини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Хўш, чилим ўзи нима? Унинг таркибида қандай зарарли моддалар мавжуд? Ушбу саволларга Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тамакига қарши курашиш бўйича бош консультанти, тиббиёт фанлари номзоди Шуҳрат Шукуров батафсил жавоб берди.

 — Чилим – тамаки ҳамда таркибида тамаки бўлмаган маҳсулотларнинг туташи ёки қиздирилиши натижасида ҳосил бўладиган тутунни нафас орқали ютишга мўлжалланган мослама бўлиб, аэрозоль (буғ) ёки тутун суюқлик солинган идиш орқали (чилим сувдонидан) ўтади. Афсуски, сўнгги пайтларда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бу иллатга ружу қўйганлар сони ортиб бормоқда. Ваҳоланки, у наркоманиянинг енгил кўриниши бўлиб, инсонда никотинга кучли қарамликни келтириб чиқаради.

Қолаверса, чилимнинг зарари сигарета чекишдан асло кам эмас. Унинг тутуни таркибида канцероген моддалар (нитрозаминлар, полициклик ароматик углеводородлар, учувчан альдегидлар, жумладан, формальдегид ва бензол) ҳамда азот оксиди ва оғир металлар каби заҳарли моддалар мавжуд.

 Шунингдек, чилим кўмири ёқилганда кўп миқдорда углерод оксиди (ис гази) ва канцерогенлар ажралиб чиқади. Ушбу заҳарли моддалар чекувчиларда юрак ва ўпка касалликлари ҳамда саратон хасталикларини келтириб чиқаради. Бундан ташқари, оддий сигарета чекувчиларга қараганда чилим чекувчилар заҳарли ис гази таъсирида кўпроқ бўладилар.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 24 майдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш ва тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланади.