САЙЁҲЛАР БИЛАН ИШЛАШДАН МАМНУНМИЗ
“Регистон” банк хизматлари офиси Самарқанд шаҳридаги машҳур Регистон майдони яқинида жойлашган. Бу атрофда банк хизматларини кўрсатаётган иккита муассасадан биттаси бизнинг БХО ҳисоблангани учун сайёҳлар оқими тинмайди. Айниқса, саёҳатлар мавсумида қўлимиз қўлимизга тегмайди.
Офисимизда икки нафар универсал менежер, бир нафар кредит менежери, икки нафар кассир фаолият олиб бормоқда. Ходимларимиз зиммасига жиддий вазифа юкланган. Аввало, улар мижоз билан самарали мулоқот қила олиши керак, тезкор хизмат кўрсатиш ҳам жуда муҳим.
Хорижликлар асосан доллар, евро, рубль каби валюталарни сўмга айлантириш мақсадида киради. Офисимизга бир кунда 100 нафар атрофида чет эллик ташриф буюрса, ҳар бири камида 100-200 доллар, еврони айрибошлайди. Шунданми, ВАШ амалиётлари борасидаги кўрсаткичларимиз ҳамиша юқори.
БХОдаги 16 йиллик фаолиятим давомида кўплаб хорижлик меҳмонлар билан мулоқотда бўлганман. Ўзбек, рус, тожик тилларида яхши гаплашаман, инглиз тилини ҳам имкон даражасида ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Жамоадошларимиз орасида кассиримиз Маъруф Муратов инглиз тилини мукаммал билиши билан ажралиб туради. У чет элликлар билан бемалол мулоқот қила олади. Бу ишимизга анчагина енгиллик беради. Чет тилида эркин мулоқотни амалга оширолмайдиган ходимлар ҳам онлайн таржимон дастурлари ёрдамида мижоз билан суҳбатлашиб, унинг фикрларини тушунишга ҳаракат қилади.
Хорижлик меҳмонларнинг фикрлари биз учун муҳим. Кўпчилиги хизматларимизга ижобий баҳо беради, тезкорлигимизни алоҳида таъкидлайди. Шу кунгача салбий хулосаларни эшитмадик. Аммо инобатга олиниши муҳим бўлган битта масаламиз бор. Яъни электрон навбат қурилмасига бўлган эҳтиёжимиз. Ресепшн штатимиз йўқлиги, навбат мижозлар ўртасидаги оддийгина ўзаро келишув асосида амалга оширилганлиги туфайли озроқ тушунмовчиликлар юзага келиб туради. Кўп ҳолларда маҳаллий мижозларимиздан чет элликларга йўл бериб туришларини илтимос қиламиз. Улар илтимосимизни тўғри тушунади. Меҳмондўст халқмиз ахир. Хорижликлар юртимизга бир-икки кунга келса-ю, шунинг ҳам бир неча соатини навбат кутиш билан ўтказиб юборса, меҳмонлик ҳурматига тўғри келмайди. Биз ўз хизмат ва муносабатларимиз билан ўзбек банкларининг юзини кўрсатиб берамиз.
Нима бўлганда ҳам сайёҳлар ташрифи тўхтамайдиган банк офисида ишлаётганимиздан мамнунмиз. Бундай муҳитда ишлаш мазмунли.
Шокир ШОДИЕВ,
«Регистон» БХО бошлиғи

