МАҲАЛЛА БАНКИРИ FОЛИБЛИК ЙЎЛИДА
Банк хизматлари “маҳалла агенти”, “маҳалла банкири” ходимлари билан тўғридан-тўғри маҳаллаларга кириб бормоқда. Ушбу ходимлар ёрдамида аҳоли қулай ва имтиёзли банк маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлаётгани қувонарли. Қолаверса, улар аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ҳамда янги иш ўринлари яратишда ҳам фаол иштирок этмоқда.
Олмалиқ универсал банк хизматлари офиси ходими Расулжон Абдусатторов аввал ёшлар етакчиси, ҳоким ёрдамчиси вазифаларида ишлаб, маҳалла тизимида яхшигина тажриба орттирган эди. Шу йилдан бошлаб Олмалиқ УБХОнинг маҳалладаги ёрдамчи агенти сифатида иш бошлади. Икки ойда унинг фаолияти муносиб баҳоланиб, “маҳалла банкири” лавозимига тайинланди. Эндиликда у Олмалиқ шаҳридаги 4 та МФЙда фаолият юритаётган ёрдамчи агентларга раҳбарлик қилмоқда.
Қаҳрамонимиз қисқа вақт ичида ўз фаолиятини самарали йўлга қўйиш билан бирга, “Йилнинг энг яхши ёрдамчи агенти” республика танловида ҳам қатнашишга улгурди. Изланган имкон топади. Расулжон танлов шартлари устида қаттиқ ишлаб, беллашувнинг саралаш, шаҳар ҳамда вилоят босқичиларида ғолиб бўлди. Энди декабрь ойида ўтказиладиган республика босқичида иштирок этиб, навбатдаги ғалабани қўлга киритиш ниятида.
— “Hamkorbank” менга ўзим кутганданда ортиқ имкониятларни тақдим этмоқда — дейди ёш мутахассис. — Бу банкка келиб, тизимлаштирилган жараённи кўрдим. Атмосфера ажойиб. Вазифангиздан ортиқча иш қилмайсиз. Ходимни ривожлантиришга хизмат қилувчи ўқув машғулотлари ҳам ёқди. Бошқарувчимиз Абдуқодир Турғуновдан тортиб, жамоадаги барча ходимлар мени қўллаб-қувватлаб, билмаганларимни ўргатмоқда. Шу сабабли келганимга кўп бўлмаган бўлсада, натижалар бўйича бошқа агент ва банкирлардан олдинга чиқиб олдим.
Расулжон ўз ютуқларида “Hamkorbank” АТБ маҳаллабай ишлаш тизими бошқармаси бошлиғи Камолиддин Эргашевнинг ҳиссаси катта бўлаётганини мамнунлик билан сўзлади.
— Айнан мана шу мутахассиснинг йўл-йўриқ ва кўрсатмалари билан самарали иш ташкил қиляпмиз, — деди у.
Келажакка катта умидлар билан кўз тиккан ҳолда ёниб ишлаётган ёш маҳалла банкирига омад ёр бўлсин деймиз.
Н. СУЛАЙМОНОВА

