СЎРАГАН ЭДИНГИЗ

Савол: Отам ховли уйни укамга, ҳадя қилиш орқали, ўтказиб берган эди. Ушбу ҳадяни бекор қилса бўладими?

Наврўзхон  Раҳимова,

  Марҳамат тумани.

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 507-моддасида ҳадяни бекор қилиш тартиби  белгиланган бўлиб, унга кўра, ҳадя олувчи ҳадя қилувчининг, унинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши атайлаб жиноят содир қилган ҳолларда ҳадяни бекор қилишга суд тартибида йўл қўйилади.

Ҳадя олувчи ҳадя қилувчини қасддан ўлдирган тақдирда ҳадя қилувчининг ворислари судда ҳадяни бекор қилишни талаб этиш ҳуқуқига эга.

Агар ҳадя олувчининг ҳадя қилувчи учун катта номулкий қийматга эга бўлган ҳадя буюмга нисбатан муомаласи унинг бутунлай йўқ бўлиб кетиши хавфини солса, ҳадя қилувчи ҳадя бекор этилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Шунга кўра, юқоридаги холатлар мавжуд бўган холлардагина, отангиз ҳадя шартномасини бекор қилиши мумкин.

Саволга ҳуқуқшунос Одилжон БОТИРОВ жавоб берди.