МИЛЛИАРДЕРЛАРНИНГ БОЙЛИГИ 15,8 ТРИЛЛИОН ДОЛЛАРГА ЕТДИ
Швейцариянинг UBS банки миллиардерлар сони 2 минг 919 нафарга, уларнинг умумий бойлиги эса 15,8 триллион долларга ошганини маълум қилди.
UBS «Миллиардерлик мақсадлари» ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, юзага келган тебранишларга қарамай, технологик акциялар ва молиявий активлар нархларининг умумий ўсиши туфайли миллиардерларнинг умумий бойлиги янги чўққига чиқди.
Жорий йилда миллиардерлар сони ўтган йилга нисбатан 8,8 фоизга ошиб, 2 минг 919 тага етди, уларнинг умумий бойлиги эса 13 фоизга ошиб, 15,8 триллион долларга етди. Бойликнинг ўсиши 2021 йилдан кейинги иккинчи энг юқори ўсиш бўлди.
Географик жиҳатдан олганда, Америка қитъаси миллиардерларнинг бойлиги 15,5 фоизга ўсиб, 7,5 триллион долларга етди.
Осиё-Тинч океани минтақасидаги миллиардерларнинг бойлиги 11,1 фоизга ошиб, 4,2 триллион долларга етган бўлса, Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасидаги бойлик 10,4 фоизга ошиб, 4,1 триллион долларга етди.
Технологик миллиардерларнинг бойлиги 23,8 фоизга ошиб, 3 триллион долларга етган бўлса, бошқа соҳаларда, айниқса, истеъмол ва чакана савдо, ишлаб чиқариш ҳамда молиявий хизматлар соҳалари миллиардерларининг йиққан бойлигининг манбалари бўлди.
Жорий йилда 91 киши жами 297,8 миллиард доллар меросга эга бўлиб, миллиардерлар сафига қўшилди. Мерос бўлиб ўтган бойликлар миқдори ўтган йилга нисбатан 36 фоизга ошган. Банк ҳисоб-китобларига кўра, келгуси 15 йилда миллиардерларнинг фарзандларига камида 5,9 триллион доллар мерос қолади.
Келгуси йил учун миллиардерларнинг энг катта ташвишлари орасида тарифлар, йирик геосиёсий можаролар ва сиёсий ноаниқлик ўрин олган.

