“ЕВРОПАНИНГ АБГОР ИҚТИСОДИЁТИ”
ёки қитъада қўрқув ҳукмрон
Европада сўнги тўққиз йил ичида энг паст хорижий инвестициялар кўрсаткичлари кузатилди, 2023 ва 2024 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар камайди (AFP).
Брюсселда жойлашган Euractiv ахборот сайти қитъанинг хорижий сармояларни жалб қилишда қийналаётгани ҳақида хабар берди. “Европанинг абгор иқтисодиёти” деб номланган ҳисоботда қитъада қўрқув ҳукмрон экани даъво қилинган.
Тўққиз йил ичида энг паст хорижий сармоя кўрсаткичлари кўрилгани, талаб пастлиги, ўсиш суръатлари кутилган даражага етмаётгани ва баъзи компаниялар қитъани тарк этаётгани таъкидланди.
Қайд этилишича, 2022 йилда бошланган Россия-Украина уруши ортидан энергия харажатлари ва ҳарбий харажатлар ошган. Таъкидланишича, АҚШ хавфсизлик масалалари бўйича Европани яккалаб қўйиш билан таҳдид қилмоқда ҳамда янги божхона тўлов тарифлари билан иқтисодий зарба бермоқда.
Европа компаниялари Хитой билан рақобатлашишга уринаётган бу муҳитда жамоатчилик геосиёсий ноаниқликдан қўрқаётгани, иш ҳақи ортишининг турғунлиги туфайли пул сарфлашни чеклашга уринаётгани ҳам таъкидланди.
Мутахассисларнинг башорат қилишича, истеъмол харажатларининг қисқариши инвестицияларни қисқартиради, бу эса иқтисодни ёмон циклга олиб келади. Қолаверса, иммиграция қўрқуви кучайиб бораётгани малакали ишчи кучи зарур бўлган муҳитда иқтисодиётга зарар етказиши айтилади.

