ТИББИЙ ТЕКШИРУВ УЧУН ЙЎЛЛАНМА

Сизнинг ҳуқуқингиз

Савол:Туманимиздаги марказий поликлиникада қон таҳлили, УЗИ, рентген каби тиббий текширувларни пулли ўтказашади. Бу қонунга мувофиқми? Биз бу текширувлардан қандай ҳолатда бепул фойдаланишимиз мумкин?

У.СОЛИЕВА.
Қўрғонтепа тумани

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 сентябрдаги 696-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги Низом билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт ташкилотларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига тиббий ёрдам кўрсатиш учун мижозларни йўллаш ва тиббиёт ташкилотларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ўзининг яшаш ҳудудидаги оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида тиббий кўрик ва тиббий текширувлар бепул кўрсатилади. Юқоридаги Низомга кўра, агарда улар бошқа тиббиёт муассаларига бориб, бепул текширув ва хизматлардан фойдаланмоқчи бўлса,  яшаш жойидаги қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ ва шаҳар оилавий поликлиникаларига мурожаат қилади. Ушбу муассасалар томонидан тиббиёт бирлашмаларининг тегишли марказий кўп тармоқли поликлиникаларига йўлланмалар берилади. Вилоят миқёсидаги тиббиёт муассасаларига йўлланмалар эса туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тақдим этилади.  Касаллиги бор ёки йўқлигидан ва соғлиғининг ҳолатидан қатъи назар, мижоз йўлланма орқали мурожаат қилганда, унга тегишли тиббиёт муассасалари томонидан бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Агар фуқаро йўлланмасиз тиббиёт ташкилотига мурожаат этса, тиббий ёрдам белгиланган тартибда пуллик амалга оширилади, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этиладиган ҳолатлар бундан мустасно.

Саволга Қўрғонтепа туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Шоҳруҳ САТТАРОВ жавоб берди.