ҚАРШИДА “БЕРУНИЙ МАКТАБЛАРИ”
Қашқадарёлик тадбиркор Илёсбек Чоршанбиев бугунги ёшларимизни буюк бобокалонимиз Беруний сингари илмли, дунёга машҳур олиму уламо бўлишини истаётгани рост. Шу мақсадда у Қарши шаҳрида иккита хусусий таълим масканига асос солди. Ҳозирда улар “Беруний мактаблари” номи билан танилган бўлиб, ўсиб келаётган авлодга сифатли таълим бериш орқали халқимизга тинч ва фаровон ҳаётни тақдим этишни ваъда қилмоқда.
Асли физика ўқитувчиси бўлган қаҳрамонимиз дастлаб ўқув маркази очиб, якка тадбиркор сифатида фаолиятини бошлади. 2021 йилда катта мақсадлар билан “Turob bobo skool” номли МЧЖ тузиб, унинг қошида 150 ўринли хусусий мактаб ташкил қилди. Мактаб барча синф ёшидаги болаларга сифатли таълим беришга йўналтирилди. Бу ерга умид билан фарзандини етаклаб келган ҳар бир ота-она шарт-шароитлар ва таълим усулларини кўриб, кўнгли хотиржам тортади.
Мактаб 4-синфгача рус тили, 5-7-синфгача инглиз тили, 8-синфдан бошлаб 4 та йўналиш: аниқ фанлар, табиий фанлар, гуманитар фанлар, хорижий тилларни чуқур ўргатишга ихтисослаштирилган. Айни пайтда 300 дан ортиқ ўқувчига эга бўлиб, уларга 70 га яқин педагог сабоқ бермоқда.
— Энг аввало, болаларимизни соғлом муҳитда таълим олишига эътибор қаратганмиз, — дейди Илёсбек Чоршанбиев. — Қўл телефонлардан фойдаланишга рухсат бермаймиз, ўқувчиларни уйидан олиб келиб, олиб бориб қўйиш хизмати орқали уларнинг кўчадаги хавфсизлигини, икки маҳал иссиқ овқат ёрдамида соғлом овқатланишини таъминлаймиз.
Ўқув дастурлари 3-4-синфларни Президент ва Ал-Хоразмий мактабларига тайёрлашга ҳам мўлжалланган. 5-8-синфларда инглиз тилидан В2 сертифкат олганларга бир йиллик тўлов пулидан 10 миллион сўм чегирма қилиб берилади. Ўқувчилар 2-синфни тугатганда рус тилида, 4-синфни тамомлаганда эса инглиз тилида бемалол гаплаша олади.
Бугун истаган инсон Илёсбек каби мактаб очиб, жамиятнинг интеллектуал ривожига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Давлатимиз томонидан бу ташаббус учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ, аксинча, қўллаб-қувватланади.
— Биринчи мактабни ўз маблағимдан ташкил қилган эдим. 370 ўринли иккинчи филиалнинг очилишида “Hamkorbank” АТБ Қашқадарё МБХО молиявий кўмак бериб, етарли кредит билан таъминлади. Ўзаро ишонч ва самарали ҳамкорлик туфайли МЧЖнинг барча молиявий амалиётларини ушбу банк орқали амалга ошириб келмоқдамиз, — дейди тадбиркор. Унинг айтишича, бу соҳа ортидан яхшигина даромадга ҳам эга бўлмоқда. Бундан билиш мумкинки, илм-маърифатга тикилган инвестиция ҳеч қачон зиён келтирмайди.
Н. ТЎХТАМАТОВА

