БЕПУЛ ТИББИЙ ХИЗМАТ ҚАЧОН КЎРСАТИЛАДИ?
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида
Сизнинг ҳуқуқингиз
Савол: Мен оддий уй бекасиман. Болаларим ҳали ёш, шифохонага кўп ишимиз тушади. Тан олишим керак, қонунларни яхши билмайман. Аслида биз фуқаролар қачон ва қайси ҳолатда бепул тиббий хизматлардан фойдаланишимиз мумкин?
З.САФАРОВА
1998 йил 10 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга илова тарзида бепул тиббий хизмат қайси йўналишларда кўрсатилиши белгилаб қўйилган. Ҳар бир фуқаро ўзи учун манфаат келтирувчи шу каби қонун ҳужжатларини билиб қўйса ёмон бўлмайди. Айниқса, аҳолининг энг кўп мурожаат қиладиган ва энг муаммоли масаласи бўлган тиббий хизматлар масаласида бу жуда асқотади. Юқоридаги Фармонга асосланган ҳолда Давлат тиббий-санитария хизматларининг кафолатланган ҳажми доирасида қуйидаги йўналишларда бепул тиббий хизмат амалга оширилади:
— шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатишда;
— соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида, яъни оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктларида;
— қатор юқумли касалликларга қарши аҳолини иммунлаштириш ва вакцинациялашда;
— ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ва атрофдагилар учун хавф туғдирадиган касалликлар (сил, онкологик, руҳий, наркологик, эндокринологик касалликларга чалинган беморлар ва касб касалликларига чалинган шахслар) бўйича ихтисослаштирилган тиббий ёрдамда;
— болаларни текширувдан ўтказиш ва даволаш (пулли шифохоналардан ташқари)да;
— 15-17 ёшли ўсмирлар ва чақирув комиссиялари йўналишлари бўйича чақирув ёшидаги (18-27 ёшли) шахсларни текширувдан ўтказиш ва даволашда;
— туғруқ вақтида ёрдам берадиган хизматларни кўрсатиш (пулли муассасалардан ташқари)да;
— имтиёзли тоифага мансуб беморлар (ногиронлиги бўлган шахслар, уруш фахрийлари, тўлиқ етимлар)ни давлат даволаш-профилактика муассасаларида даволашда.
Мана шу йўналишларда сиз ва оила аъзоларингизга бепул тиббий хизмат кўрсатилади ҳамда ҳақ-ҳуқуқларингиз қонун билан ҳимоя қилинади.
Саволга Қўрғонтепа туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Шоҳруҳ САТТАРОВ жавоб берди.

