ФУТБОЛ: КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР УЧУН АЙБЛОВ
Лаос терма жамоаси футболчиси Соукпхачан Луэнтала АСЕАН минтақаси чемпионати доирасида ўйин натижаларини келишиб олишда иштирок этгани ҳақидаги айбловлар асосида қўлга олинди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар берди. Маълумотларга кўра, 24 ёшли ярим ҳимоячи, маҳаллий “Салаван Юнайтед” клуби аъзоси, Вьетнамда фаолият юритувчи букмекерлик гуруҳи манфаатлари йўлида келишилган ўйин ташкил этишга ёрдам берган, деган гумонга тушган.
Лаос футбол федерацияси (LFF) ўйин натижаларига аралашув бўлгани ҳақидаги маълумотларни тўплаб, расман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этган. Шу асосда тергов ишлари бошланган. Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ўртасидаги мусобақадан қайтганидан сўнг Лаос терма жамоасининг бир қатор футболчилари полиция томонидан сўроқ қилинган.
Турнир август ойи бошида Мьянмада ўтказилган эди. Гуруҳ босқичида Лаос терма жамоаси қатор йирик мағлубиятларга учради: Таиландга 0:5, Малайзияга 0:4, Филиппинга 1:4, Мьянмага эса 2:7 ҳисобида ютқазди. LFF 7 август куни эълон қилган баёнотида ўйин натижаларини манипуляция қилиш билан боғлиқ эҳтимолий қоидбузарликлар юзасидан ички текширув бошланганини тасдиқлаган.

