ОИЛА ҚУРДИНГИЗМИ, МАСЪУЛИЯТНИ УНУТМАНГ

Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида


Оила қуриш инсон ҳаётидаги энг нозик, энг масъулиятли қарорлардан бири. Қолаверса, фақат икки инсоннинг ўзаро муносабати эмас, балки жамият барқарорлиги, авлод тарбияси ва ижтимоий адолат билан чамбарчас боғлиқ институт ҳисобланади. Шу боис дунё тажрибасида ҳам, миллий қонунчилигимизда ҳам никоҳ масаласи шунчаки урф-одат ёки диний маросим сифатида эмас, балки аниқ ҳуқуқий қоидалар асосида тартибга солинади. Бироқ амалиёт шундан далолат беряптики, жамиятимизда айрим шахслар қонунан ажрашмасдан туриб, янги оила қуришга уринади.


Айрим ҳолларда бу “шаърий никоҳ” дея юмшоқроқ айтилса, аслида у қонун нуқтаи назаридан жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келув­чи ҳолат ҳисобланади. Энг хавф­ли жиҳати бундай муносабатлар кўпинча диний маросимлар билан “қонунийдек” кўрсатилиши, аммо амалда давлат ҳимоясидан бутунлай четда қолишидир. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига мувофиқ, никоҳ — бу икки шахснинг эркин розилиги асосида, қонунда белгиланган тартибда тузилиб, давлат томонидан рўйхатга олинган иттифоқдир.
Хусусан, Кодекснинг 13-моддасида никоҳ фақат ФҲДЁ органларида қайд этилгандан кейингина қону­ний кучга эга экани белгиланган. Бу норма шунчаки формал талаб эмас. У никоҳ иштирокчиларининг, айниқса, аёл ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган. Шу маънода диний расм-русумлар асосида тузилган никоҳлар, қанчалик кенг тарқалган бўлмасин, давлат томонидан тан олинмайди ва ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқармайди. Қиёс учун айтиш жоизки, Германия, Франция, Туркия, Япония каби давлатларда ҳам фақат давлат органларида рўйхатдан ўтган никоҳ қонуний ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида эътироф этилган. Никоҳ эр-хотиннинг ўзаро розилигига асосланиши, давлат эса оила, оналик, оталик ва болаликни муҳофаза қилиши мустаҳкамлаб қўйилган. Бу қоида шундан далолат берадики, давлат фақат қонуний тартибда тузилган никоҳни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилади. Норасмий никоҳ эса нафақат ҳуқуқий кафолатлардан, балки давлат муҳофазасидан ҳам маҳрумдир.
Амалиётда энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ҳолат — эркакнинг қонуний никоҳдан ажрашмасдан туриб, бошқа аёл билан диний никоҳдан ўтиши ҳисобланади. Бу ҳолатда биринчи никоҳ тўлиқ қонуний кучда қолади. Янги никоҳ фақат аввалги никоҳ суд ёки ФҲДЁ органлари томонидан бекор қилинганидан кейингина тузилиши мумкин. Акс ҳолда, бу ҳаракат кўп хотинлилик деб баҳоланади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 126-моддасида эса бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ аёл билан никоҳ муносабатларида бў­лиш жиноят сифатида белгиланган.
Умуман, оила қуриш фақатгина ҳис-туйғуга асос­ланадиган қарор эмас, балки ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий масъулият талаб қиладиган танловдир. Қонуний ажралмасдан туриб уйланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳаракат саналади.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтганда, оилада эр ва хотин масъулиятни унутмаслига шарт.

Асадулло МУСАХОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети талабаси