“NANO PHARMACEUTICAL” ИШ БОШЛАДИ

Наманганда тиббий дори воситалари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Nano pharmaceutical” фармацевтика корхонасининг биринчи босқичи ишга туширилди. “Hamkorbank” АТБ Нодирабегим универсал банк хизматлари офиси мазкур лойиҳани молиявий қўллаб-қувватлади.
Маълумотларга кўра, кейинги йилларда республикамизда фармацевтика саноати жадал ривожланиб, стратегик тармоқлардан бирига айланди. Соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Бу ташаббускорларни шу йўналишга қаратилган янги лойиҳалар устида ишлашга ундамоқда.


Тадбиркор Насимхон Азизов фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришда катта тажрибага эга. Бу йўналишда оилавий иш бошлаганларига йигирма йилдан ошди. Дастлаб ушбу бизнесга оталари марҳум Неъматхон Азизов асос солган. Кейин ака-ука Нозимхон ва Насимхонлар ота изидан бориб, “MERRYMED FARM” МЧЖ фаолиятини ривожлантирдилар. Мазкур корхона ҳозирда Ўзбекистондаги йирик дори-дармон ишлаб чиқарувчилардан бири саналади.
Тадбиркорлик доим изланишни талаб этади. Насимхон Азизов бу борада ўзига талабчан. Мустақил иш юритиш мақсадида Янги Наманган тумани ҳудудида фойдаланилмай турган жойни сотиб олиб, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этишга киришди. Бунинг учун ўз маблағидан ташқари “Нодирабегим” УБХОдан кредит олди.


Қурилиш ишлари тез бошланди, барча технологиялар Хитой давлатидан олиб келинди. Бу борада тадбиркорнинг йиллар давомида оширган тажрибаси қўл келди. Бошқа йўналишлардан фарқли равишда дори-дармон ишлаб чиқариш нозик соҳа эканлиги масъулиятини оширди.
2026 йилнинг илк кунларида “NANO PHARMACEUTICAL” МЧЖнинг дастлабки босқичи фойдаланишга топширилди. Умумий қиймати 20 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида 10 миллион доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий фармацевтика корхонаси барпо этилди. Натижада 300 та янги иш ўрни яратилди.
— Йилига 63 миллион дона, 40 турдаги, қиймати 12 миллион долларлик тайёр дори воситалари ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз, — дейди МЧЖ раҳбари Н.Азизов. — Шундан 6 миллион долларлик маҳсулот экспортга йўналтирилади. Бозорда ўз ўрнингизни топишда сифат биринчи ўринда туради. Шу сабаб ҳар бир иш жараёни мутахассислар назоратида. Хитойлик ҳамкорларимиз ишловчиларга маҳорат дарсларини ўтмоқда.
— Бу йил Тошкент давлат миллий университетини тамомладим,—дейди микробиолог Ҳуснида Носиржонова. — Пойтахтдаги корхоналарда ишлашни режалаштираётгандим. Ўзимизда мана шундай замонавий корхона ташкил этилганини эшитиб, шу жойга ишга келдим. Касбим орқали аҳоли саломатлигини яхшилашга ўз ҳиссамни қўшаман.
Замонавий даст­гоҳларни бош­қа­ра­ётган ёшлар ўз ишидан хурсанд. Ҳаммаси компъютерлашган тизимда. Олдинда янги режалар турибди. Йил охирига қадар лойиҳанинг навбатдаги босқичи ишга туширилади. Бу билан яна қўшимча 100 нафар ёшларнинг банд­лиги таъминланади.

Акбаржон Назаров,

Бекзод Муталлибов олган суратлар