БАЛИҚ ЕНГ…
Машҳур рус адиби Александр Пушкин қаламига мансуб “Олтин балиқ” эртагида камбағал ўтинчи чолнинг орзуларини айнан денгиздан тутиб олинган тилла балиқча амалга оширади. Аслида бу эртакнинг замирида улкан маъно яширин. Чунки балиқлар инсонга соғлик, гўзаллик, узоқ умр улашувчи воситалардан бири. Соғлом инсон эса бахтли ва фаровон ҳаёт кечиради. Бежизга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳар бир инсонга бир йилда 12 килограммдан кам бўлмаган миқдорда балиқ гўшти истеъмол қилишни тавсия этмаган.
Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, ушбу маҳсулот енгил ҳазми, витаминларга бой таркиби билан инсонларга узоқ умр ваъда этади. У А, Д витаминлари, фосфор, калций, калий, натрий, магний, олтингугурт каби кўплаб фойдали минералларни ўз ичига олади. Айниқса, қайнатиб пиширилган балиқ маҳсулотлари организм учун роҳати жондир.
Масалан, ҳафтасига ҳеч бўлмаганда икки порция балиқ истеъмоли юрак хуружи ҳамда бошқа юрак-қон томир касалликлари оқибатида юзага келувчи эрта ўлим хавфини сезиларли даражада пасайтиради. Сабаби, балиқдаги ёғ кислоталари юрак ва қон томирлари учун жуда фойдали.
Балиқ гўштига мунтазам ошно бўлган аёлларнинг соч-тирноқлари мустаҳкам, юзи тиниқ, териси таранг, иммунитети кучли бўлади. Маҳсулот таркибидаги D витамини эркакларда тестостерон ишлаб чиқарилишини фаоллаштиради. Болаларга ҳафтада икки-уч марта димлаб ёки қайнатиб пиширилган ҳолда берилса, кўриш фаолиятини ошириб, хотира ва диққатни яхшилайди.
Хўш, ўзбекистонликлар балиқхўр халқлар тоифасига кирадими? Албатта, йўқ. Биз балиқни доимий истеъмол қиладиган миллат эмасмиз. Кўпчиликка унинг ҳиди ёқмайди. Қолаверса, юртимизда балиқ савдоси у қадар ривожланмаган, турлари ҳам у қадар кўп эмас. Асосан “дўнгпешона”, “оқ амур”, “зоғорабалиқ”, “лаққа” ҳамда “судак” балиқлари кенг тарқалган. Бу балиқлар қовурилган ва димланган ҳолда пиширилади.
Хитой балиқ ва денгиз маҳсулотлари истеъмоли бўйича жаҳонда мутлақ етакчи. Ундан кейинги ўринни Индонезия, Ҳиндистон ва Америка Қўшма штатлари эгаллайди. 1 миллиард 400 миллиондан кўпроқ аҳолиси бўлган Хитойнинг нега бу борада етакчи эканлиги тушунарли. Аммо аҳолиси нисбатан кам Японларнинг денгиз маҳсулотларига бўлган муносабати қадрият ва анъаналар билан чамбарчас боғлиқ. Асрлар давомида фойдали жиҳатлари туфайли балиқ бу халқнинг кундалик рационидаги таомга айланган бўлиб, японлар кунига тахминан 100 граммдан ушбу маҳсулотни тановул қилишга одатланган.
Дунё аҳолиси энг севадиган ва энг кўп истеъмол қилувчи балиқ турларига “лосось”, “треска”, “судак”, “осетр”, “скумбрия”, “форель”, “тунец” кабилар киради. Бу турдаги балиқлар гўштининг хушхўрлиги ва ўзгача таъми билан машҳур.
Айтмоқчи бўлганимиз, қайси турга мансублигидан қатъи назар, балиқ истеъмоли сизу бизга фақат фойда келтиради. Шундай экан, балиқ енг ва саломатлигингизни мустаҳкамланг.
Н.СУЛАЙМОНОВА

