НАБИРАМНИНГ ФАМИЛИЯСИНИ ЎЗГАРТИРИШМОҚЧИ
Савол: Ўғлим вафот этганига 2 йил бўлди. Ундан биргина ёдгорлик — қизи қолди. 2 — синфда ўқийди. Келиним турмушга чиқди. У набирамнинг фамилиясини ўзгартирмоқчи. Шу тўғрими?
Каримахон ДЎЛТАЕВА,
Андижон шаҳри.
— Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 70-моддасига кўра, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи ота-онанинг биргаликдаги аризасига биноан бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар бола манфаатларини эътиборга олиб, унинг исмини ўзгартиришга, шунингдек, унга берилган фамилияни ҳам отаси ёки онасининг фамилиясига қараб ўзгартиришга ҳақлидир. Агар ота-она алоҳида яшаса ва бола билан бирга яшовчи ота (она) болага ўз фамилиясини беришни хоҳласа, васийлик ва ҳомийлик органи бу масалани боланинг манфаатларини ва она (ота)нинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал қилади.
Ота ёки онанинг турган жойини аниқлаш мумкин бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, муомалага лаёқатсиз деб топилганда, шунингдек, уларнинг ҳар иккиси болага таъминот бериш ва уни тарбиялаш мажбуриятларини бажаришдан узрсиз сабабларга кўра бўйин товлаган ҳолларда ота ёки онанинг фикрини ҳисобга олиш шарт эмас.
Агар бола ўзаро никоҳда бўлмаган шахслардан туғилган ва оталик қонуний тартибда белгиланмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларини эътиборга олиб, унинг фамилиясини онанинг мурожаат қилган давридаги фамилиясига алмаштириш учун рухсат беришга ҳақли.
Ўн ёшга тўлган боланинг исми ёки фамилиясини ўзгартиришга фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади. Лекин, болани кимдир фарзандликка олмоқчи бўлса, бундай ҳолда ушбу масала фуқаролик судига мурожаат қилиш орқали суд тартибида ҳал қилинади.
Саволга ҳуқуқшунос Аҳмадилло ТЎРАХЎЖАЕВ жавоб берди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси асосида

