“СИРДАРЁ” БЕШ ЁШДА

Гулистон минтақавий банк хизматлари офисининг Сирдарё банк хизматлари офиси ўз фаолиятини бошлаганига беш йил бўлди. 2021 йил ёш, АССА халқаро профессионал бухгалтерия ва молия сертификатига эга,  изланувчан ходим Акмалжон Сабридинов БХО бошлиғи лавозимига тайинланган.

— Жамоага етакчилик қилиш унчалик қийинчилик туғдирмади. Ҳамкасбларим қатъий тартиб–интизомга амал қилишга ва ҳар бир ишни сидқидилдан бажаришга ўрганган, — дейди Акмалжон.

Ҳар қандай ютуқ, муваффақиятларга эришувда жамоадаги муҳит ва малакали кадрлар салмоғи катта. Шу маънода Акмалжон айни пайтда  Ўзбекистон Республикаси Банк–Молия академиясининг магистратурасида иқти­содий билимларини оширмоқда. 5 нафар ходим хизмат кўрсатаётган БХОда ходимлар ўртасида аҳиллик бор. Уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва мотивация бериб бориш янги марраларга бошлашини жамоага етакчилик қилиш асносида яна бир бор гувоҳи бўлган БХО бошлиғи уларнинг салоҳиятига қараб вазифа топширади. Ким нимага қодир, кимни билими, кўникмаси юқори, ташаббускорроқ — барчаси доим эътиборда. Тажрибали ходимлар билан бу борада бамаслаҳат иш олиб бориш анъанаси “Hamkorbank”нинг катта ютуғи.

Банк маҳсулотларининг сифатини БХОга кириб келаётган мижозлар сонининг кўплигидан ҳам сезиш мумкин. “Group Asia Pharm”, “Sirdaryo As Servis”, “Dori darmon taminot” каби масъулияти чекланган жамиятлари энг йирик ҳамкорлар. Улар сингари 203 та юридик мижозларнинг борлиги ютуғ, албатта.

Мижозлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатишда ходимларнинг ташаббускорлиги катта ёрдам бермоқда. Чунки атроф­да турли банк филиалларининг жойлашуви рақобатни кучайтирмоқда. Жамоа билан якдилликда ҳаракат қилинмас экан, молия бозорида четга чиқиб қолиш аниқ. Буни БХО ходимлари ҳис этишади.

Энг оммалашган банк маҳсулотлари пул ўтказмаларидир. “Золотая корона” ва “Астрасенс” хизмат турларида кўрсаткич­лар юқори. Бу борада Ҳусан Ибрагимов якуний назорат ходими сифатида анча тажрибали.

— Муассасамиз доимо мижозлар билан гавжум. Ҳамкасбларимнинг самарали ишлаётгани ва мурожаатларга бефарқ эмасликлари таҳсинга лойиқ. Сифатли хизмат кўрсатиш орқали Сирдарё аҳлининг ишончига кирганмиз, деб бемалол айта оламан, — дейди Ҳусан Ибрагимов.

Бугун мижозлар ҳар томонлама қулайликни талаб этмоқда. Йил бошида жамоа сафига истеъмол кредит менежери Шаҳзод Эргашев қўшилди. Касса банкнинг энг нозик нуқтаси эканини ҳамма билади. Бу жой ишловчилардан икки карра масъулият талаб этади. Айни шу мақсадда Достон Ҳусаинов янги йилдан БХОда иш бошлади. Кассирликда малакали эканини кўрсатяпти. Бу икки йигит умидли ёшлардан. Уларнинг фаолликлари билан иш суръати ортди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА