АЁЛ БИР ВАҚТДА КЎП ИШНИ БАЖАРАДИ
Нурсина Шакированинг меҳнатлари “Hamkorbank”АТБ томонидан муносиб баҳоланди. У 2025 йил якуни бўйича “Йилнинг энг яхши чакана бизнес бўлими кассири” номинацияси ғолиби бўлди.
Мукофотлар ўз-ўзидан берилмайди. Унинг ортида инсоннинг заҳматли меҳнати туради. Нурсина 15 йилдирки, Бухоро минтақавий банк хизматлари офисида кассир бўлиб ишлаб келяпти. Зиммасига юклатилган вазифани тезкор, сифатли бажариб, ёш ходимларга ўрнак бўлаётгани бизни қувонтирди.
Аёл – она, рафиқа, фарзанд, келин, шу билан бир қаторда, ижтимоий соҳада ходим ва раҳбар. Буларнинг ҳар бирининг ўзига яраша юки, хизмати ва масъулияти бор. Бу “вазифа”ни бажариш асносида замонавий аёл жамиятда ўрнини топиш учун меҳнат қилмоғи, ўқиб, изланмоғи лозим. Қаҳрамонимиз касбий фаолияти давомида ҳар доим билим ва тажрибасини оширишга, банк тизимидаги янгиликларни ўзлаштиришга ҳаракат қилади. Молиявий, иқтисодий қўллаб-қувватлаш молия ташкилотининг хизматлари, умуман олганда банкга оид маълумотларни қисқа ва оддий тарзда етказиб беришга ҳаракат қилади. У билан суҳбатимиз мароқли ўтди.
— Касбингизга ҳурмат, садоқатингиз…
— Ўлчови йўқ. Касбимни нафақат ҳурмат қиламан, балки уни ўз ҳаётимнинг ажралмас қисми деб биламан. Вазифамга келсак кассирлик фақат пул санаш эмас, балки улкан масъулият, катта ишонч. Ишимга шунчаки вазифа сифатида эмас, балки виждон иши деб қарайман.
— Аёл кишига банкда ишлаш бошқа касбларга нисбатан оғирроқ эмасми?
— Кимга қанақа. Менимча, касбини севган киши учун оғир эмас. Тўғри, банк соҳаси, айниқса, кассирлик эътибор ва сабрни талаб этади. Пул билан ишлашда хатога йўл қўйиб бўлмайди, ҳисоботлар эса вақт билан ҳисоблашишни талаб этади. Бироқ, аёл киши табиатан мултитаскинг — бир вақтнинг ўзида бир неча ишни бажариш қобилиятига эга. Мен учун бу ҳолат — ўз-ўзини тарбиялаш мактаби.
— Оилавий муҳит, иш мувозанати…
— Ҳар бир аёл каби менда ҳам рўзғор, болалар тарбияси, оилавий мажбуриятлар бор. Албатта, баъзида чарчоқлар бўлади, лекин фикримча, оиладаги тотувлик ва тушуниш — муваффақият калити демак. Бу борада жамоадошларимнинг кўмаги, қўллаб-қувватлашлари куч беряпти. Аёл киши касбини севса, уйидагилари уни тушунса, ҳар қандай «инжиқлик» ёки қийинчиликни ширинсўзлик, меҳр билан енгиб ўтиш мумкин. Ишдаги тартибни уйга, уйдаги муаммоларни эса ишга олиб кирмасликка ҳаракат қиламан.
— Нега айнан банк соҳасини танлагансиз?
— Бу касбни танлаганимнинг ўзига хос сабаби бор: ўз вақтида онам ҳам банк соҳасида фаолият юритганлар. Бу касбга муҳаббат, меҳр онамдан ўтган бўлса не ажаб. Бугун уларнинг йўлини давом эттираётганимдан фахрланаман. Бу шунчаки тақдир эмас, балки авлодлар давомийлиги ва оилавий анъанадир. Хатто иккинчи бор ҳаёт берилса ҳам мен яна банк ходими сифатида халқимга хизмат қилишни танлаган бўлардим.
— Масъулиятли вазифа, ютуқлар туйғуси…
— Севган машғулотингиз билан шуғуланишнинг ўзи катта ютуқ, ишингиздан кўнглингиз тўлган пайт — энг бахтли дамлар. Кун охирида касса ёпилгандаги аниқлик, мижознинг мамнун боқиши ёки раҳбариятнинг эътирофи ҳузур. Ҳар бир муваффақиятим, ютуқларим, оиламнинг, жамоамнинг ютуғи деб биламан ва ўзимда янги марраларни забт этиш учун кучни ҳис қиламан.
Аёл… она… касб… Аёл — хонадон фариштаси ва сабр-тоқат тимсоли. Она — келажакни тарбияловчи буюк куч. Касб — инсоннинг жамиятдаги ўрни ва ички интизоми. Агар сен она бўлсанг, асосий бурчинг — имкони борича узоқ яшаш. Бу истак ҳам эмас, худбинлик ҳам эмас, бу — масъулият. Она ўз соғлиғини асраши, куч-қувватини тежаши, чарчоқ, ғам-андуҳда ўзини емириб юбормаслиги, қўйингки, ҳар қандай шароитда яшашни давом эттириши керак — фарзандлари учун. Бу жамиятда ўз ўрнини топган қаҳрамонимиз Нурсина Шакированинг қарашларида мужассам.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА

