КАСБИНИ СЕВГАН МЕҲНАТДАН ҚОЧМАЙДИ
Аёлини асраган эл қудратли, онасини эъзозлаган фарзанднинг толеи баланд бўлади, дейишади. Бугун юртимиз аёл-лари каби “Hamkorbank” хотин-қизлари ҳам ҳурмат – эҳтиромда.
Одинахон Тўланова банкнинг фаол аёлларидан. У Андижон давлат университетининг иқтисодиёт ва Тошкент Банк –молия академиясининг банк иши йўналиши бўйича магистратурада таҳсил олган. Айни пайтда корпоратив бизнес ва макро, кичик ва ўрта бизнес таваккалчиликлари департаменти ходими.
Халқимизда “Меҳнат кишини улуғлайди”, деган ибратли нақл бор. Дарҳақиқат, киши қайси касбда ишламасин, ҳалол ва виждонли бўлса жамоаси, эл-юрт орасида ҳурмат қозонади. Эҳтиром учун меҳнат, ирода ва сабр керак бўла-ди. 25 йилдирки, банкда фаолият юритиб келаётган О. Тўланова ана шу жиҳатлари билан ўрин топди, ҳурмат қозонди.
Суҳбатимиз унинг илк фаолияти давридан бошланди.
— Ҳеч бир ҳамкасбим йўқки, банкка келган кунини ҳузурланиб эсламаса. Суҳбатдан ўтганимдан сўнг бухгалтерия бўлимига иш ўрганувчиликка қабул қилиндим. Бўлимга олиб кириб таништиришганида, у ердагилар мени илиқ кутиб олди. Биринчи устозим Нигора Тешабоева бўлди. Одинахон Қосимова, Муроджон Маҳсудовлар ҳам билганларини ўр-гатишди. Улар жуда чаққон, билимли, тажрибали мутахассислар эди. Компьютерда тез ишлаши, мижозлар билан му-омалаларига ҳавасим келарди. “Қачон мен ҳам шунақа бўламан” деб кўп ўйлардим. Мана, ўша манзилга етиб келдим — компьютерга қарамасдан ишлайдиган, мижозларнинг ҳар қандай саволига бемалол жавоб бера оладиган даражага етдим. Устозларим банк ишлари, ҳаёт сабоқларини ҳам ўргатишди. Шу тариқа чакана йўналиши, Фронт офис, ЕББР, бухгалтерия, гаров экспертизаси, юридик кредитлаш бўлимларида фаолият юритдим. Нафақат фаолият олиб бордим, бирга ўсдим, улғайдим, ўзимга бўлган ишончим юксалди. Бу мен учун қувонч, шараф. Зеро, инсон касбини севса, ишини меҳр билан, қалбдан бажарса, чарчоқ нималигини билмайди. Шунинг учун бўлса керак, кун якунида ҳориганимни ҳис қилмайман, қайтага янада кучга тўлгандек бўлавераман.
Ҳозирда вазифам МБХО, УБХОлар томонидан кредит ажратиш учун юборилган ҳужжатларни тўғри ва тўлиқ рас-мийлаштирилганлигини текширишдан иборат. Вазифамга нисбатан диққатлиман. Агар кўнгил амрига қулоқ тутиб май-да деталларга эътибор қилмай қўйсам, эртага мижоз учун хавф туғдириши мумкин. Чунки муқим иш ҳақига эга бўлган-ларда кредит тўловида муаммо бўлмаслиги аниқ, аммо бирор сабаб билан тўлолмай қолиш эҳтимолини ҳам ҳисобга оламиз.
Осон ишнинг ўзи йўқ. Касбини севган инсон меҳнатдан қочмайди. Отам бир умр ҳисоб-китоблар, рақамлар ичида яшади. Онам умрини болаларига бағишлади. Беш фарзандни меҳнатсевар қилиб тарбиялашган. Ана шу тарбиялари туфайли ҳар бир ишни сидқидилдан бажаришга киришаман, — дейди фахр билан қаҳрамонимиз.
Ҳаётда ҳеч ким ўзгаришларни яратиб бермайди, ҳаммасини инсоннинг ўзи яратади. Одинахон фаолияти давомида топганларига ўз меҳнати, тафаккури, ақл-идроки билан эришди, касбини оиласи, фарзандлар тарбияси билан ҳамоҳанг кўрди.
Н. ТЎРАҚУЛОВА

