“ЧЕМПИОНАТ РЕЖАЛАРИМНИ ТЕЗЛАШТИРДИ”
Юридик мижозлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Элдор Негматов Ургут УБХОнинг ёш, истиқболи порлоқ ходимларидан. Касбини яхши кўради, соҳасини мукаммал билади, ишлаб чарчамайди. Биз бу йигит билан боғланганимизда Олмалиқ шаҳрига кетаётган экан. Сафардан мақсад — мижознинг фаолият жойини бориб ўрганиб, шу асосида унга кредит ажратиш эканлигини айтди.
— Мижоз ўзимизнинг ургутлик, Олмалиқда ҳам фаолиятини кенгайтирмоқчи. Асосий ҳисоб-рақами бизнинг банкимизда. Бориб, бизнес ҳудуди билан батафсил танишиб, шу асосида сўраган кредитни ажратиб берсак, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб қўямиз, — деди Элдор.
Элдор шу йилнинг ўзида бир қанча йирик юридик мижозларни жалб қилиш ва уларни кредитлашга муваффақ бўлди. Масалан, “Озодбек қурилиш таъмирлаш” хусусий корхонасига 95 минг АҚШ доллари, “Шахбоз инвест плюс” МЧЖга 520 миллион сўм кредит берилишида унинг ҳиссаси катта.
Яна бир гап: қаҳрамонимиз ашаддий футбол ишқибози. Футбол бўйича ўтказилаётган жаҳон чемпионатини қизиқиш билан кузатиб боряпти. Ўйинлардан завқ олмоқда.
— Болалигимдан футболни яхши кўраман. Ўзим ҳам офисимизнинг футбол жамоасида тўп сураман. Бу спорт ўйини инсонга бир олам ҳис-туйғу бағишлайди. Ўзбекистон иштирокидаги икки ўйинни ишхонада ҳамкасблар билан бирга кўрдик. Мағлубиятдан хафа бўлмадик. Терма жамоамизнинг ўша жойгача етиб боришининг ўзи катта гап. Бу биринчи тажриба. Натижаларимиз ҳали олдинда. Муҳими, чиройли ўйин кўрсатса, шунинг ўзи етарли, — деган фикрларни билдирди суҳбатдошимиз.
Унинг айтишича, чемпионатни кузатиш ишига ҳалал бермади, аксинча, режаларни тезроқ бажаришига сабаб бўлди. Июнь ойи режасини иккинчи ўн кунликдаёқ 100 фоизга етказишга эришди.
— Ишқибозлик масъулиятимни ошириб юборди — дея кулди етакчи мутахассис. — Тезроқ зиммамдаги вазифани адо этсам, ўйинларни хотиржам томоша қиламан, деган ниятда самарали ҳаракат қилдим.
Элдорнинг мазкур чемпионатдаги севимли жамоалари — Ўзбекистон ва Португалия. Португалияга Криштиану Роналду шахси учун мухлислик қилади. Супер футбол юлдузининг инсонийлиги ва маҳоратига доим ҳавас қилиб келган.
Сўзимиз сўнггида ҳам ишига, ҳам хоббисига эътиборли ургутлик ёш ходимга омад тилаймиз. Навбатдаги ҳамкорлик шартномаси муваффақиятли амалга ошсин.
Н. СУЛАЙМОНОВА

