БАНКДА ИШЛАШ ОСОНМИ?

Сардоржон Зокиров Қўқон универсал банк хизматлари офисининг фаол ходимларидан. Ёшликдан муҳандис бўлишни орзу қилса-да банк ходимларига ҳавас билан қарарди. Бу соҳада ишловчиларнинг пули кўп бўлади, ўзлари истаганча пул ишлаб чиқарадилар, деб ўйларди (ҳазил). 2018 йил Фарғона политехника институтини тамомлагач, ана шу ҳавас уни банк томон бошлади. Танловлардан муваффақиятли ўтиб, “Hamkorbank” ходимига айланди. У билан суҳбатимиз қизғин кечди.

— Сизнингча банкда ишлаш осонми ёки …
— Бу инсоннинг руҳий оламига боғлиқ. Ҳар қандай ишда энг муҳими диққатни бир жойга жамлаш. Мен учун банкда ишлаш осон. Чунки ҳар қандай ишни бажаришни осон ва тез усулини яратишга, соддалаштириб боришга ҳаракат қиламан. Назаримда асосий қийинчилик бу — ривожланиш. Бунинг учун кўп меҳнат қилиш, изланиш зарур.
— Банк ходими қандай бўлиши керак?
— Кўпчилик билан ишлашнинг ўзи катта бир синов. Кутилмаганда сизга нотўғри муомалада бўладиганлар ҳам учрайди. Шунга қарамай, вазифангизни бажаришга мажбурсиз. Асосийси — ҳалол ва хушмуомала бўлиш. Ташқи кўринишга ҳам эътиборли бўлиши лозим. Агар мижозлар билан яхши муносабат ўрната олсангиз, марра сизники. Бошқа масалалар ўз-ўзидан ҳал бўлиб бораверади.
— Мижоз билан ишлашнинг энг самарали йўли қандай?
— Банкка кириб келган ҳар қандай мижознинг ўз муаммоси бўлади. Энг аввало, уни диққат билан тинглаш, овозни баландлатиб гапирмаслик керак. Имкон борича унга ёрдам берсангиз, мижоз сизни эмас, банкни эслаб қолади. Бу орқали банкка мижозлар оқими ортади.
— “Hamkorbank”да топганларингиз, бу жойга келиб нималарни ўргандингиз?
— Олийгоҳни битирган йилим ушбу банкда иш бошладим ва ҳозиргача шу ердаман. Бизда яратилган имкониятлар, ходимга эътибор ва қўллаб-қувватлашлар фақат мотивация беради. Бошқа ташкилотларда ҳам муҳит шундай бўлса керак, деб ўйлардим. Катта фарқ бор экан. “Hamkorbank”да билимларимни оширдим, тизимли ишлашни, касбий билимларни мунтазам ривожлантириб боришни ўргандим. Вазифамиз (ишга келишдан тортиб кетишгача бўлган ҳар бир ҳаракат) аниқ ёзиб қўйилган, ўз тартиблари бор. Қандай дам олиш ва бўш вақтни мазмунли ўтказишни ҳам ўргандим. Бир сўз билан айтганда, тизимли банк бу.
— Устозларингизга тўхталсангиз.
— Банкимиздаги энг яхши одат — ўз билимини ҳеч ким қизғанмайди. Тажрибали ходимлар ёшларга билганларини етказади. Фаолиятим давомида менга билим ва тажрибаларини ўргатган ҳар бир ходимни устоз деб биламан. Шу даражага етишишимда Дилноза Каттабоева, Равшан Зоҳидов, Исломжон Юнусов ва Раъно Ибрагимованинг катта ҳиссаси бор. Устозларимнинг рўйхатини тўлиқ айтишим учун махсус саҳифа очиш керак. Сира ёдимдан чиқмайди. Дастлаб касса амалиётлари бўлимида иш бошлаганман, назоратчи кассир эдим. Кун охирида пулимни ҳисоби чиқмай қолган кунлари Раъно Ибрагимова маошидан менга ёрдам бериб турарди. Кейинчалик билсам бу катта мактаб экан.
— Агар банк ходими бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?
— Ёшликдан санъатни севаман. Дўстларим билан йиғилиб, кўп санъаткорларнинг қўшиқларини айтардик (кулимсираганча: «гарчи чиройли чиқмаса ҳам айтганмиз»). Шунинг учун, қўшиқчи бўлишим мумкин эди. Ҳозир ҳам қўшиқ тинглаш ва хиргойи қилишни ёқтираман. Пианино ва гитара чалишни ўрганиш учун тўгаракда қатнашаман. Уйга борганимда оилам билан вақт ўтказишни ва кечки овқатдан кейин тоза ҳавода сайр қилишни ёқтираман. Кайфиятимни кўтариб юришга одатланганман
— Келгусидаги режаларингиз қандай?
— Аввало, ота-онам истагандек фарзанд бўлиш, уларнинг орзуларини рўёбга чиқариш. Иш борасида раҳбарлик даражасига етиш (жиддий). Ўз меҳнатим билан банкимизнинг янада ривожланишига ҳисса қўшиш. Бунинг учун аниқ режа ва масъулият билан иш олиб бораман.
— Исмингизни маъносини биласизми? Шунга муносибмисиз?
— Сардор — йўлбошчи, етакчи, бошқарувчи, ҳаммага намуна бўладиган инсон деган маънони билдиради. Албатта, бунга амал қиламан. Ҳамкасблар ва мижозлар олдида ўзимни қандай тутишни яхши биламан. Инсоннинг ҳаётида исми катта аҳамиятга эга. Оилада фарзанд туғилганда исм танлашда адашмас­лик керак.
— Ўзингиз ҳақингизда яна нима дея оласиз?
— Ҳаётдаги шиорим атрофимдагиларга яхшилик улашиш. Ташқи кўринишим жиддий бўлгани билан, мен билан суҳбатлашган одамда бундай фикр қолдирмасликка ҳаракат қиламан. Оиламиздагиларнинг «эркак киши жиддий бўлгани яхши» деган гапларига амал қиламан.
— Китобга муносабатингиз, охирги ўқиган асарингиз?
— Китоб бир инсоннинг умри, деб биламан. Сизда ўша умрни бир кунда қўлга киритиш имконияти турибди. Бу мўъжиза эмасми? Шу сабаб вақт топдим китоб ўқийман. Яқинда Жеймс Клирнинг «Атом одатлар» китобини ўқиб тугатдим. Муаллиф йирик ўзгаришга уни майда қисмларга бўлиб эришиш осонлигини тушунтиришга ҳаракат қилган. Умуман олганда, ҳар бир ўқиган китобимдан ўзим учун нимадир оламан.
— Сизнингча тўғри сўз…
— Бу ҳаётдаги олтин қоида. Тўғри сўз инсон кимларгадир ёқмас. Бироқ бошингиз эгилмайди. Мен бунга амал қиламан.
— Сизга омад, янги зафарлар.

А. Насирдинов суҳбатлашди