ИНСОННИ КАСБИ УЛҒАЙТИРАДИ
“Hamkorbank”нинг ходимлари орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Жамоа сафига қўшилганига кўп вақт бўлмаган бўлса-да, аксарияти танловда адашмаганидан хурсанд. Қўқон универсал банк хизматлари офиси Яйпан БХО менежери Музаффар Йўлдошев улардан бири.
Ҳамкасбларининг айтишича, Музаффар интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва одоби билан жамоада ўз ўрнини топмоқда. У билан суҳбатимиз қизғин кечди. Дастлабки саволимиз нима учун айнан шу банкни танлагани тўғрисида бўлди.
— 2025 йил Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини тамомладим. Талабалик йилларида “Hamkorbank”нинг фаолиятини кузатиб юрардим. Ходимларининг мижозларга бўлган муносабати, молия бозоридаги обрўси қизиқишимни оширди. Банкда нафақат йирик бизнесни, балки кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашда катта тажриба мактаби яратилган. Юқоридагилардан келиб чиқиб, келажагимни шу жойда кўрдим. Биринчи иш кунимдан мижозлар билан ишлашда тажрибамни ошириш ва тизимдаги янгиликларни ўзлаштириб боришни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.
— Банкда ишлаш қийин бўлмаяптими?
— Йўқ, аксинча. Иш давомида билимларимни оширяпман, тажрибали устозлар йўл кўрсатмоқда. Яна ҳар куни ота-онам дуоси билан иш бошлашим менга куч беради. Раҳбарларимизнинг менга билдирган ишончи ва қийин вазиятларда ёрдам бериши ишимни осон қилади.
— Банк ходими учун ҳисоб-китоб муҳим. Айтмоқчи бўлганим, аниқ фанларни қай даражада ўзлаштиргансиз?
— Мактаб давридан аниқ фанлар, айниқса математикани чуқур ўзлаштирганман. Мантиқий ва аналитик фикрлаш, сонлар ва формулалар билан ишлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва мураккаб ҳисоб-китобларни бажариш менга доим қизиқ бўлган. Банк соҳаси барча қарорлар ҳамда хатарларни баҳолаш, айниқса, аниқ ҳисоб-китобларга таянгани учун бу кўникмаларим иш жараёнида қўл келади. Ҳаётда ҳам аниқликни ёқтираман.
— Ёшлик сизнингча қандай давр?
— Бу ортга қайтмас бир фасл. Шунчаки вақт ўтказиш эмас, келажакдаги катта мақсадлар учун ресурс ва имкониятларни максимал даражада йиғиш давридир. Ўқувчилик, талабалик йилларим эсда қоларли кечди. Кўп дўстлар орттирдим.
— Оилангизни қандай баҳолайсиз?
— Оиламизда ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш муҳити юқори. Мен доим мулоқотга очиқман, қийин вазиятларда тўғри ечим таклиф қилишга ва муаммоларни биргаликда ҳал этишга интиламан. Оила аъзолар ўртасидаги аҳилликни сақлаш ва муҳим ишларда ташаббус кўрсатишга одатланганман. Буни ота-онам тўғри тушунади. Оила мен учун ҳар доим биринчи ўринда. Асосийси, энг ишончли мактаб.
— Орзуларингиз?
— Энг катта мақсадим — ўз соҳамда етук мутахассис бўлиш, аналитик ва молиявий билимлар бўйича юқори натижаларга эришиш. Инсонни касби улғайтиради, элга танитади дейдилар. Шундай эмасми.
— Бўш вақтингизда…
— Бўш вақтимни асосан спорт, китоб ўқиш ва оилага ажратаман. Ота-онам билан бирга бўлиш, улар билан суҳбатлашишдан завқ оламан. Яна ўзимни ҳар тарафлама ривожлантиришга ҳаракат қиламан. Соҳамга оид янгиликларни кузатиб бораман. Футбол майдони ва шахмат билан шуғулланишни ҳам унутмайман. Спорт мен учун биринчи навбатда соғлиқ ва руҳий тетиклик манбаи
— Китоб ўқийсизми?
— Албатта! “Ўткан кунлар”ни такрор-такрор ўқийман. Бу китобни охири жуда қайғули. Қўқон хонлигига бағишланган “Таназзул” ҳам севимли асарим. Саиднинг зукколиги мени лол қолдиради.
— Сизга омад тилаймиз.
А. Насирдинов суҳбатлашди

