ЎЗ ТИЛИМИЗНИ ЎРГАНАЙЛИК

Хизмат сафари билан хорижда бўлдим. Рости, бир ҳафталик сафардан уч кунда зерика бошладим. Уйимни, фарзандларимни, ўз тилимда сўзлашадиган юртимни соғиндим. Соғинганим сари тезроқ ортга қайтгим келарди. Биз турган меҳмонхонанинг ёнида жойлашган дарахтзор ўртасидаги сайхонликда хорижликлар дам олар, кимдир китоб ўқир, кимдир фарзандлари билан ўйнар, яна кимдир яқини билан суҳбатлашарди. Уларни кузатиб бироз чалғишни истадим ва бўш ўриндиққа жойлашдим.


Бир пайт икки болакай билан суҳбатлашаётган аёлнинг сўзлари диққатимни тортди.
— Ойбек ўғлим, сен ғирром ўйнадинг, синглингни хафа қилдинг.
— Йўқ бувижон, Солиҳанинг ўзи эркалик қилмасинда…
— Сен йигит кишисан, синглингни ҳимоя қилиш сенинг вазифанг ахир.
— Мени ким ҳимоя қилади, мени хафа қилса майлими?
— Ўғлим, сен кучли, иродали, ғурурли бўлишинг, худди дадангга ўхшашинг, уларга тиргак бўлишинг керак.
Бегона юртда ўз тилингда сўзлашаётган одамни кўрсанг, космосга учган фазогирдай ўзингни бахтиёр сезаркансан. Ўша куни Сайёра опа билан яқиндан танишиб, анча вақтгача суҳбатлашиб ўтирдим. Улар бу ерларга турмуш ўртоғининг илмий ишлари сабаб келиб қолган эканлар. Қарийб йигирма йилдан буён хорижда яшасада, соф ўзбек тилида гапириб, ҳатто набираларига ҳам она тилида сўзлашишни ўргатганига ҳавас қилдим. Инсон учун унинг Ватани, ота-онаси, оиласи қанчалик қадрли бўлса, она тили ҳам шу қадар азиз ва муқаддас эканлигини шу аёлнинг тақдири мисолида кўрдим.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди. “Давлат тили ҳақида”ги қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан турли соҳаларга оид энциклопедия, луғатлар, дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари чоп этилди. Шундай бўлсада, ижтимоий тармоқлардаги имло хатоларга тўлиб-тошган ахборотлар, адабий тил қоидаларига зид сўзлашувлар жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп ишлар қилишимиз зарурлигини англатади. Кўча-кўйда, магазин, дорихона, бекат ёки ошхона пешлавҳаларидаги хатоларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Афсуски, ўзбек бўла туриб ўзбекча гапира олмайдиган, ўзбекона ҳаёт тарзини хушламайдиган юртдошларимиз бор. Шу боис она тилимизнинг софлигини сақлаш, бу борадаги саводхонликни кенг тарғиб қилиш билан боғлиқ бажаришимиз зарур бўлган ишлар кам эмас.
Тарих ҳақиқати шуни кўрсатадики, томирида миллий ғурур, Ватан ишқи жўш урган одамгина буюк ишларга қодир бўлади. Биз шундай маънавий муҳит яратишимиз керакки, юртимизнинг ҳар бир бурчагида, барча шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасида Ватандан фахрланиш ҳисси соф ўзбек тилимиз — она тилимизга бўлган ҳурмат ва эҳтиромда ўз аксини топсин.

Феруза ОРИПОВА,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси