РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Касаба уюшмалар қўми­тасини аввало, ходимларнинг меҳнат, ижтимоий-иқтисодий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муносиб меҳнат шароит­ларига эга бўлишига кўмаклашиш, жамоада соғлом маънавий-психологик муҳитни шакллантириш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим жамоатчилик институти сифатида баҳолайман.


Бунга 2021 йилдан буён Урганч универсал банк хизматлари офиси бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси сифатида фаолият юритиш асносида амин бўлдим.
Жамоамиздаги 7 нафар қўмита аъзоси билан ҳамфикр иш олиб бораман. Асосий вазифамиз нафақат ходимларнинг манфаатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг касбий ва шахсий ривожланиши учун қулай ижтимоий муҳит яратишдан иборат. Шу мақсадда моддий ва маънавий рағбатлантириш, эҳтиёжманд ходимларга кўмак бериш, спорт тадбирлари ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш каби ижтимоий йўналтирилган ташаббусларни мунтазам амалга ошириб келмоқдамиз.
Шунингдек, ходимларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари, дунёқараши ва ижтимоий фаоллигини оширишга эътибор қаратяпмиз. Республика миқёсида банк филиаллари ва таркибий бўлинмалари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган спартакиаданинг муҳим жиҳати соғлом рақобат, жамоавий бирдамлик ва спорт маданиятини ривожлантиришдир. Мазкур тадбирлар доирасида спортнинг 8 та тури бўйича мусобақалар ташкил этилади. Ходимларимиз ушбу мусобақаларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда. Айниқса, шахмат, тош кўтариш, турникда тортилишда ҳар йили етакчимиз. 1-ўрин, албатта, мақтанишга арзийди. Бу натижалар жамоамиз­да спортга бўлган қизиқиш, қатъият, интизом ва ғалабага интилиш руҳининг шаклланганидан далолат беради.
БКУК томонидан ташкил қилинган “Заковат” интеллектуал ўйини ходимларнинг мантиқий фикрлаш, таҳлилий мушоҳада юритиш, тезкор қарор қабул қилиш ҳамда жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилувчи майдондир. 2026 йилда ташкил этилган навбатдаги турнирда 2-ўринни қўлга киритдик. Мазкур натижа қатнашчиларнинг билим салоҳияти, интеллектуал тайёргарлиги ва ўзаро ҳамжиҳатликда ишлаш қобилиятининг амалий ифодаси бўлди.
“Истеъдодларни излаймиз!” кўрик-танловида ҳам ҳамкасбларимиз ўзларининг истеъдодлари, маҳорат­ларини намойиш этишди. Бу шараф, санъат­, маданият ва ижодкорлик борасидаги қобилиятдир. Ижтимоий ҳимоя, муносиб дам олиш меҳнат фаолиятини юксалтиради, инсонийлик туйғуларини шакллантиради.
Халқаро туристик саёҳат — Вьетнамга уюштирилди. Икки нафар ходимимизнинг 7 кун давом этган мароқли ҳордиғи бир умр хотираларига муҳрланди.
Ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтиришни фаолиятимнинг асосий мезони деб биламан. Чунки касаба уюшмасининг ҳақиқий самарадорлиги фақат ўтказилган тадбирлар ёки қўлга киритил­ган натижалар билан эмас, балки ҳар бир ходим ўзини жамоанинг тенг ҳуқуқли аъзоси, деб ҳисоблаши унинг манфаатлари ҳимоя қилинаётганини ҳис этиши билан баҳоланади.

Анвар ҚУТЛИЕВ,
Урганч УБХО БКУҚ раиси