МАЙДОНДАГИ ҲАРАКАТЛАР
ИШДА ҲАМ ФОЙДА БЕРАДИ
Футболга бўлган қизиқиш етти ёшимдан бошланган. Мана, қарийб 33 йилдан буён ушбу спорт тури ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланган.
Оилада тўрт ўғилнинг кенжасиман. Акаларим доимий равишда футбол ўйнашарди. Табиийки, мен ҳам уларга эргашардим. Шу тариқа ҳавас ва қизиқиш ортидан бу ўйинга меҳр қўйдим. Лекин айнан соҳа сифатида танламадим. Чунки ҳозирги касбим бошқа танловларимдан устунлик қилди. Футбол ишдан ташқари пайтдаги хобби бўлиб қолавергани маъқул.
Инсоннинг севиб шуғулланадиган қандайдир машғулоти бўлиши жуда муҳим. Шу сабаб футбол мен учун ишдан кейинги ҳордиқ ва кундалик ташвишлардан бироз чалғиш воситасидир.
Қувонарлиси, банкимизда ўзингиз ёқтирган йўналишда иқтидорингизни намоён қилиш имконияти мавжуд. Футбол мусобақаларининг ўтказилиши ҳам мен каби ишқибозлар учун айни муддао бўлди.
Ёшлигимда асосан катта футбол майдонида ўйнаганман ва кўпроқ марказий ярим ҳимоячи позициясида ҳаракат қилганман. Ҳозир эса жамоада ҳимоячи вазифасини бажараман. Келгусида, балки дарвозабон бўлиб ҳам қоларман.
Бу йил мини-футбол бўйича “Hamkorbank kubogi” мусобақасида 3-ўринни қўлга киритдик. Совринли ўринларга, аввало, жамоамиздаги аҳиллик, ўзаро ҳурмат, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва бирдамликдаги ҳаракат сабаб бўлмоқла. Таркибимизда турли ёш ва тажрибага эга ходимлар бўлсада, майдонга тушганимизда ягона мақсад йўлида бирлашамиз. Ҳар бир ўйинда бор куч ва имкониятимизни ишга солишга интиламиз.
Чемпион бўлишимизга бир оз омад етишмади. Ярим финалда ғолибни пенальтилар серияси аниқлади. Жамоамизда 40 ёшли футболчилар ўйнашини ҳисобга олсак, ёшроқ рақибларга нисбатан тезлик ва жисмоний устунлик борасида бироз фарқ бўлган бўлиши мумкин. Шунга қарамай, эришган натижаларимиздан мамнунмиз.
Мухлис сифатида Хорват юлдузи Лука Модрични ҳурмат қиламан. Унинг энг ёқадиган жиҳати — майдонда юқори савияда, ақл билан ҳаракат қилиши, вазиятни тез баҳолаши ва жамоа манфаатини биринчи ўринга қўйишидир. Қолаверса, меҳнатсеварлиги, камтарлиги, интизоми ва футболга бўлган садоқатига қойил қоламан. Ўз иқтидори ва меҳнати билан футболда ёш эмас, балки тажриба, маҳорат ва ирода муҳимлигини исботлаган ўйинчилардан бири.
Ишимиз кун давомида ўтириш, жиддий масъулиятни талаб қилиш билан бирга, руҳий зўриқишни ҳам келтириб чиқаради. Футбол эса айнан мана шу чарчоқ ва стрессни камайтиришга ёрдам беради. Жамоада ишлаш, интизом, тезкор қарор қабул қилиш каби фазилатларни ҳам шакллантиради. Майдонда шаклланган ҳамжиҳатлик ва ўзаро ишонч иш жараёнида ҳам катта аҳамиятга эга. Шундай экан, майдон билан ошно тутининг. Зеро, соғлом ходим самарали меҳнат ва кучли жамоа гаровидир.
Жамшид Хайтбоев,
Жиззах МБХО ундирув бўлими бошлиғи

